Ўзбекистон Марказий банки феврал ойидан буён ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг ўртача чакана нархларини эълон қилиб бормоқда. Мазкур маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, феврал ойидан май ойининг биринчи 10 кунлигигача бўлган даврда буғдой уни нархи 15-23 фоизга ошган.

Февралда марказий бозорларда 4000-6000 сўмдан сотилган биринчи навли ун нархи май ойига келиб 4700-7800 сўмдан сотилмоқда:

  • Феврал: 4000 сўмдан 6000 сўмгача;
  • Март: 4000 сўмдан 6500 сўмгача;
  • Апрел: 4000 сўмдан 7500 сўмгача;
  • 7 май ҳолатига: 4700 сўмдан 7800 сўмгача.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, апрел ойида буғдой уни нархи бир йил олдингига нисбатан 16,5 фоизга, йил бошига нисбатан 9,6 ва ўтган ойга нисбатан 5 фоизга ошган.

Шунингдек, буғдой уни нархи ўтган йилнинг шу даврида йиллик нисбатда 7,5 фоизга ўсган. Статистика буғдой уни ошиши тезлашгани ва жорий йилнинг апрел ойида нарх ўсиши борасида етакчилик қилганини кўрсатади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар нима дейди?

Фото: Kun.uz

Бухоронинг Қоракўл туманида буғдой уни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркор Kun.uz билан суҳбатда нархлар сезиларли ошгани ҳақида гапирди.

“Аввал бир қоп унни 220 минг сўмдан сотаётган бўлсам, энди нарх 320 минг сўмга чиқди. Сизга минимал нархни айтяпман. Максимал даражада 400 минг сўмга ҳам чиқди”, – дейди тадбиркор.

Унинг сўзларига кўра, нарх ошиши қисман мавсумий омил билан боғлиқ, лекин буткул эмас.

“Ўтган йили ҳам, ундан олдин ҳам йилнинг бу даврида кескин нарх ошишини кузатмагандик. Бу мавсумий омил билан боғлиқ, албатта. Буғдой захиралари тугаган, бир ойдан кейин ҳосил йиғиш бошланади. Бироқ ўтган йили нарх бунчалик ошмаганди.

Мавсумий омил етмагандек, Қозоғистон ҳам буғдой экспортига квота қўйди. Бу икки сабаб нархлар ошишида рол ўйнади”, – дейди у.