У, шунингдек, “Зеромакс” ширкатининг собиқ ижрочи директори сифатида 2010 йилларга қадар мамлакатдаги катта таъсирга эга шахслардан бири деб қаралган.

Ўртада бир муддатлик танаффусдан кейин Миродил Жалолов айни пайтда газ қазиб олиш билан шуғулланувчи “Epsilon” компаниясига раҳбарлик қилмоқда. 2021 йилда Ўзбекистонда қазиб олинган табиий газнинг 3 фоизга яқин қисми айни шу компания ҳиссасига тўғри келади.

Kun.uz Миродил Жалолов билан Ўзбекистон газ захиралари, аҳолига газ етказиш муаммолари, “Epsilon” ва “Одилбой”нинг ўз вақтида катта шов-шувларга сабаб бўлган турли лойиҳалари ҳақида интервью уюштирди.

— Интервьюга келишар эканмиз, қатор йиллар сиз билан бирга ишлаган инсонлар билан гаплашдим. Улар орасида “Одилбой”ни халққа қайишадиган яхши инсон, дея мақтаганлар ҳам, “қўрқинчли одам” сифатида баҳолаганлар ҳам бўлди.

Шунингдек, ўрганишларимга кўра сиз, Ўзбекистонда газ қазиб олиш жараёнларини ташкил этишда тажрибали инженерлардан бирисиз.

Хўш, Миродил Жалолов, халқ тилида “Одилбой” ким ўзи?

— 1965 йилда Тошкентнинг ишчи-хизматчи оиласида туғилганман. Аввал мактаб, кейин ҳарбий хизматга бордим. Сўнг Политехника институти “Кимё-технологиялари” факултетининг кечки бўлимига ўқишга кирдим. Эсимда, ўша йиллари кундузи қурилишда ишлаб, кечаси ўқишга қатнардим.

1988 йил фарзандли бўлдим. Ўша йили оиламни боқиш учун ўқишдан академик таътил олишга мажбур бўлганман. Ўқишни фақат учинчи бор ота бўлганимдагина тугата олдим.

Газ соҳасига кириб келишим 1991-92-йилларга тўғри келади. Ўшанда совет иттифоқи тарқаб, Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йиллар эди. Мамлакат олдида эса дон, ёнилғи етказиш каби жуда кўплаб муаммолар турарди. Биз ёқилғи муаммо бўлган ўша йиллар давомида Қозоғистон ва Россиядан мамлакатга ёқилғи олиб келиш билан шуғулландик.

Тинимсиз ишлаш ва ҳаракатлар натижасида бир неча йилдан сўнг озиқ-овқат, тикув ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган кичик ва ўрта корхоналаримиз ишга тушиб улгурган эди. Тадбиркорликдаги фаолиятим шундай бошланган.

2000 йилдан бошлаб биз яна газ қазиб чиқариш соҳасига урғу бердик. Бунда “Зеромакс” номли корхона ҳам туздик.