Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Фундаментал, амалий тиббиёт ва фармация ютуқлари” талабалар ва ёш олимларнинг анъанавий 76-Халқаро илмий-амалий конференцияси ҳамда “Стоматологияда эстетик реставрация маҳорати” мавзусида II Халқаро илмий-амалий олимпиада ўтказилди.
Халқаро анжуман ва олимпиадада Туркия, Малайзия, Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Грузия, Қозоғистон, Украина, Беларус, Покистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда илмий-текшириш институти талабалари, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Халқаро илмий-амалий конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Ўзбекистон тиббиёт олийгоҳлари ректорлари Президиуми раиси Ботир Даминов, Балтика федерал университети ректори Александр Федоров (Калининград, Россия), Қозоқ миллий тиббиёт университети Талгат Нургожин (Олма-ота, Қозоғистон), “Телемедицина тизимлари” МЧЖ бош директори Юрий Богодухов (Санкт-Петербург, Россия), Ивоcлар Вивадент компаниясининг МДҲ ва Балтика давлатлари бўйича врачлар бўлими раҳбари Viktor Daub (Elvangen, Германия), Приволжск тадқиқот тиббиёт университети ректори Николай Карякин (Нижний Новгород, Россия), Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ректори, профессор Gevdot Erdol мазкур анжуманнинг долзарблиги, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда олий таълим муассасалари фаолиятида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этишди.


Халқаро анжуман доирасида Балтика федерал университети билан СамДТУ ва БФУ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Конференция очилиш маросимида мамлакатимизда тиббий олий таълимни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Қозоқ миллий тиббиёт университети ректори Талгат Нургожинга Самарқанд давлат тиббиёт университети “Фахрий профессори” унвони топширилди.





















