16 май куни ЎзЛиДеП фракцияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқди. Таклиф “Миллий тикланиш” партияси томонидан қўллаб-қувватланди.

20 май куни эса Олий Мажлис палаталари кенгашлари қўшма мажлисида Конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия таркиби тасдиқланиб, унга Акмал Саидов раис этиб тайинланди.

Kun.uz мухбири ЎзЛиДеП раиси Актам Ҳаитов билан Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар нега кераклиги ва ўзгараётган ҳужжатда нималар акс этиши борасида интервью уюштирди. 

— Айтинг-чи, бугун Ўзбекистон Конституциясини ўзгартиришга қандай зарурат бор?

—  16 май куни Ўзбекистон либерал демократик партияси мана шу ташаббусни илгари сурди ва буни “Миллий тикланиш” қўллаб-қувватлади.

17 май куни биз қўшма фракциялар мажлисини ўтказиб, депутатларимиздан шу борадаги фикримизни қўллаб-қувватлашларини сўрадик, кейин эса бу таклифларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларидан сўрадик. Мана шу йўсинда биз конституциявий ислоҳотлар ташаббусини илгари сурдик.

Бугунги тадбирда Парламентнинг иккала палата кенгашлари ташаббусимизни қўллаб-қувватлашди ва қарор қабул қилинди.

Бугун конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича комиссия тузилди. Унинг таркибига сиёсатчилар, депутатлар, сенаторлар, ҳуқуқшунослар ва яна бошқа соҳалардаги тажрибали мутахассисларни киритиш таклиф қилинди ва бу кенгашлар қарори билан тасдиқланди. Шу билан бирга, бугун комиссиянинг низоми ҳам тасдиқлаб берилди. Комиссия қандай фаолият олиб боради, унга берилган ваколатлар, унинг вазифалари ва муҳокама қилиш тартиби ҳам мана шу низомда ўз аксини топди.

Энди бир-икки оғиз зарурат ҳақида. Президентимиз муаллифлигидаги “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида ўтган 5 йилликда амалга оширилган ислоҳотларга батафсил тўхталиб ўтилганди.

Шунингдек, давлат раҳбари томонидан жойларда ўтказилган сайловолди учрашувларида кўплаб масалалар муҳокама қилинган. Масалан, конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш, ундаги боб ҳамда моддаларига ўзгартиришлар киритиш ҳам.

Мен ўзим иштирок этган 8 вилоятдаги учрашувда ҳам жумладан шундай таклифлар тушди.