Ўзбекистон | 10:45 / 27.05.2022
14971
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари ёмғир ёғиб, салқин ҳаво кузатилади

Бугун мамлакат ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади. 

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, республика бўйича қисқа муддатли ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ бўлади. Кундуз куни ҳаво ҳарорати 23-28 даража иссиқ атрофида бўлади.

Эртага Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кечаси ва эрталаб, Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида эса кечаси ва кун давомида ёмғир ёғиши сақланиб туради. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. 

Республиканинг барча ҳудудлари совуқ антициклон таъсири остида бўлади, бунинг ҳисобига ҳарорат фони иқлим меъёридан 6-9 даражага паст бўлади ва 21-26 даража иссиқдан юқори бўлмайди.

Якшанба куни ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида кечқурун момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши бироз эҳтимоли бор. Кечаси ҳаво ҳарорати 10-15 даража илиққача пасаяди, кундузи эса 23-28 даража иссиққача кўтарилади.

27-29 майда республика бўйича шимолда шамол 18-23 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлари кузатилиши кутилмоқда.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 27-29 май кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 27-28 май кунлари баъзи жойларда кучли бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид