Кун сўрови: Мактаб таъмири учун пул йиғиш тўғрими?
Ўқув йили охирида мактаб таъмири учун ота-оналардан пул йиғиш одат тусига кириб қолган. Хўш, бу ҳақда одамлар нима дейди? Kun.uz мухбири шу мавзуда ижтимоий сўров ўтказди.
Тошкент шаҳрида ўтказилган кичик тадқиқотимизда қатнашганлар орасида пул йиғилмаслиги керак деганлар кўпроқни ташкил этди. Шу билан бирга, мактаб таъмири учун ота-оналардан пул йиғилишининг ёмон жойи йўқ деб ҳисобловчилар ҳам оз эмас.
Қуйида респондентларнинг жавобларидан иқтибослар келтирамиз.
“50 минг сўм катта ўғлимга бердим, қизимга энди сўрашса керак. Энди, табиий ҳол бу. Ҳамма риоя қилганидан кейин, биз ҳам риоя қиламиз-да”.
“Ҳозир набираларимдан сўрашаётган экан, лекин ота-онаси бермаётган экан. Ўзимизнинг болаларимиз ўша мактабларда ўқийди. Тўполон қилади, барибир. Қандайдир, берса, яхши деб ўйлайман”.
“Агар мактаб ўша “ремонт”га эҳтиёж сезаётган бўлса, талабга жавоб бермаса, пул бераман. Лекин фарзандларимнинг мактаби яхши, шунинг учун сўрашмаган”.
“[Бошқа] ота-оналар берганидан кейин, берамиз-да биз ҳам”.
“Нима учун бериш керак? Бермасин! Ахир, давлат шу мактабнинг таъмири учун пул ажратмайдими?!”
“Набирамнинг ота-онаси мактабга 50 ёки 70 минг сўм беради йилнинг охирида. Бериш керак эмас шу пулни, кийим-кечаги, бошқаси – чиқимларнинг ўзи етади”.
“Ажратамиз, лекин ҳали таъмир учун маблағ сўрашгани йўқ. Менимча, бериш керак, мен шундай деб ўйлайман. Масалан, мен савдо қиламан, қанча бўлса ҳам беришга шароитим бор, бера оламан”.
“Энди фарзандларимиз учун йўқ демас эдик. Бериб турар эдик. Бир хил пайт 50 минг сўмдан, бошқа вақт 30 ёки 100 минг сўмдан йиғишарди. Фарқи йўқ. Яқиндагина ижтимоий тармоқда ўқидик, энди бу пул йиғимлари мумкин эмас экан”.
“Бу йил ҳам бердик, мактабнинг таъмирига қараб бердик. Синф фонди учун ҳам бердик. Энди ҳозир шунақа қонун чиқибди-ку, Telegram'да жўнатишди. Шунақа экан-ку, давлат томонидан пул ажратиларкан, билмасам, лекин биз йиғиб бўлгандик”.
“Ҳа, ажратишаркан. 25 минг сўрабди яқинда. Менимча, керак эмас деб ўйлайман. Чунки давлат қилиб беряпти-ку. Аслида ўтган йили мактабни таъмирлашди, яна сўрашибди 25 минг сўм”.
“60 минг сўмдан мактаб таъмири учун пул ажратаман. Давлат мактабларга ажратмаяпти. Ўқитувчилар ўзларининг ёнидан қилмайди-ку, бир йил ўша мактабда менинг фарзандим таълим олди, партани, бошқа жиҳозларни қирди. Деворларни, балки, мана тўполончи, нимадир қилгандир? “Ремонт” қилиш керак-ку барибир. Ота-оналар қилмаса, давлат қилмаса, ким қилади? Ўқитувчининг ойлиги кам бўлса, қандай қилиб қилади”.
“Ҳа, керак. Чунки ўша мактабда ўқишади-ку. Ҳар доим ҳам таъмирлаш учун керак”
“Йўқ, мен нимага ажратаман, ўзимга етмайди-ку”.
“Ҳали ҳеч нарса сўрашгани йўқ, лекин сўрашган вақт ҳар йили берилган. Бериш керак эмас ўзи. Давлат ўзи унга ажратади, пул ажратади”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқ таълими вазирлиги мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш ва инфратузилмасини яхшилашга ҳокимликлар масъул экани, мактаблардаги ҳар қандай пул йиғимлари ноқонунийлигини маълум қилган эди.
Мавзуга оид
19:29 / 08.12.2023
Кун сўрови: Конституция ўзи нима?
15:19 / 14.12.2022
Фарзандли бўлиш “божи”. Ким қанча берган?
11:55 / 09.09.2022
110-мактабда кийиниш хонасига камералар ўрнатилиши билан боғлиқ можаро келиб чиқди
16:02 / 08.09.2022