Ёзилган ана шундай табрик ва маслаҳатлар орасида Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевники шов-шувли чиқди, турли баҳс ва мулоҳазаларга сабаб бўлди.

Депутат ўз Telegram-каналида, жумладан, бундай ёзди:

“Мактаб битирувчиларига айтмоқчи бўлганим: имкон даражасида умрингизни, тирикчиликни давлат хизматчиси сифатида ўтказишга олиб келадиган касб танлашдан йироқ бўлишга интилинг, иложсиз қолсангизгина давлат хизматида ишланг.

Эркингизни, ички потенциалингизни рўёбга чиқаришга олиб келадиган ҳаёт йўлини танлашга куч топа олинг, бу йўлда ўзингизни чиниқтиринг”.

Расул Кушербаевнинг битирувчиларга қарата айтган ушбу тавсияcи мулоқот тармоқларининг кўплаб фойдаланувчилари томонидан қўллаб-қувватланиши қаторида, айримларда эътироз ҳам уйғотди.

Жумладан, адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова депутат фикрларига қарши чиққанлардан бири бўлди.

У Кушербаев фикрларига қарши мана буларни ёзди:

Депутат Расул Кушербаев ғалати гаплар айтибди — битирувчиларга давлат хизматида ишламанг, иложсиз қолсангизгина бу соҳани танланг, деяпти.

Давлат хизматчиси сифатида шахсан менга бу оғир ботди. Юз минглаб давлат хизматчилари халққа хизмат қиламан деб юрибди. Нима, улар иложсизликдан, бошқа иш қилолмаганидан келганми? Ё потенциалини рўёбга чиқаролмай, ўзи истамаган ишни қилиб қийналиб юрибдими? Ҳаммаси муттаҳамми, қулми? Ким буни бирма-бир сўраб аниқлаб, далиллаб, исботлаб беради?

Давлат хизматидагилар хавфсизликни таъминламаяптими? Мудофаа қилмаяптими? Блэкаут бўлса, 24 соатлаб уйқусиз ишламаяптими? Сув тошса, одамларни қутқараман деб чўкиб кетмаяптими, оиласи чирқираб қолмаяптими?

Давлат хизмати — бу халқ хизмати дегани, у ерга энг ақлли ёшлар келиши лозим. Чунки бугун кўп муаммолар бор, уларни ҳал қилишга малакали кадрлар керак. Давлат хизмати сифат ўсиши халққа фойда. Бу ерда малакасиз, билимсиз, қўлидан иш келмайдиган, ноиложликдан умрини ўтказадиган ходимлар кўпайиши кимга фойда?