Kun.uz ихтиёрига Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровни депутат дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича киритилган тақдимнома Кенгаш йиғилишида ўқиб эшиттирилгани акс этган аудио келиб тушди (аудио таҳририятда мавжуд).

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан киритилган тақдимномада Андижон шаҳар ҳокими ҳисобланган Баҳром Ҳайдаровни 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида содир этган молиявий жиноятлари учун терговга тортиш масаласи кўтарилган.

Маълум қилинишича, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, УзАсбо дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Хусусан, 2017 йилдан 2019 йил 8 октябрга қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Баҳром Ҳайдаров (амалдаги Андижон шаҳар ҳокими) ўзининг мансаб ваколатларидан фойдаланиб бошқа мансабдорлар томонидан асоссиз равишда ойдан ойга кўчирилган 9 миллиард сўм маблағларнинг ўрнини тўлдириш учун 14,3 миллиард маблағларни шаҳар халқ таълими бўлимига ноқонуний равишда ортиқча ажратиб берган.

Шунингдек, Ҳайдаров вилоят молия бошқармаси бошлиғи сифатида бюджет маблағларини қатъий иқтисод қилмагани натижасида 6,8 миллиард сўм ягона ижтимоий тўлов ҳамда даромад солиғи тегишли жамғарма ва бюджетларга кирим қилинмаган.

«Ушбу ҳолат юзасидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан айблов эълон қилиниб, 32 нафар шахсга нисбатан қамоқ, 2 нафар шахсга нисбатан уй қамоғи ва 3 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланган.