«Душман қўшинларини кучайтириш учун муайян районларга РФ ҳудудидан ўқ-дори ва техникалар ташлади», дейилади Украина қуролли кучлари Бош штаби маълумотномасида.
Северодонецк ва ундан жануби-ғарбда жойлашган Лисичанск шаҳри агломерацияни ташкил этади. Бу Луганск областида Украина назоратида қолган сўнгги йирик аҳоли пункти ҳисобланади, Россиянинг уни эгаллашга интилиши нафақат стратегик, балки рамзий аҳамиятга ҳам эга.
Северодонецк район маъмурияти раҳбари Роман Власенко россиялик ҳарбийлар шаҳарга икки йўналишдан кира бошлаганини маълум қилган.
«Душман икки йўналиш бўйлаб, Новоайдар ва Старобельск орқали киришга муваффақ бўлди. Улар 100 метр ичкарилашган. Бундан ичкарига ўта олишмаган, бизнинг йигитлар мудофаани ушлаб туришибди», деган у.
Власенконинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар қўшни Лисичанск ҳудудига ҳам киришга уринмоқда, аммо улар ҳозирча атрофдаги қишлоқларни эгаллаш билан кифояланмоқда.
Украина мудофаа вазирлиги эндиликда россияликлар Словянскка ҳужумни тиклаш учун қайта гуруҳланиши, шу билан бир вақтда Северодонецкни қуршаб олиш ҳаракатларини давом эттиришини маълум қилган.
Донбассдаги вазият сўнгги ҳафтада қандай ўзгарди?
Россия армиясида Северодонецкка юриш қилиш имкони бир неча ҳафта давом этган жанглардан кейин Луганск областидаги Попасная шаҳридан 30 км масофада Украина армияси мудофааси ёриб ўтилиши туфайли юзага келди.

Россиядаги манбалар украин бўлинмалари Северодонецкдан Лисичанск томон чекинаётгани ҳақида хабар тарқатган, аммо бу маълумот расман тасдиқланмади. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 28 май куниёқ Северодонецк Россия назоратига ўтгани ҳақида ёзганди. Гайдай украин қўшини шаҳарни ўз қўлида сақлаб қолаётганини маълум қилган.
«29 май куни Россия ҳарбийлари қуруқлик орқали Северодонецкни штурм қилишда давом этишди, лекин биз қандайдир муваффақиятга эришилганини тасдиқлай олмаймиз. Украина Бош штаби россиялик ҳарбийлар Северодонецк ва Лисичанскни қуршаб олиб, бу ҳудудни Украинанинг асосий қисмидан узиб қўйиш ниятида эканини маълум қилди. Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар Боброво ва Устиновкидан шимолга, Северодонецк томонга юришга ҳаракат қилмоқда», дейилади Американинг Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) маълумотида.


















