Жамият | 07:44 / 02.06.2022
20070
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида «одамларни тупуриб даволайдиган» табибга нисбатан терговга қадар текширув бошланди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида «одамларни тупуриб даволайдиган табиб пайдо бўлди» изоҳи билан хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат Бўстонлиқ тумани ИИБ тезкор ходимлари ва туман ДСИ томонидан ҳамкорликда текширилди.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, ўрганишлар давомида видеотасвирдаги «табиб» – Бўстонлиқ туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган фуқаро Б.Й. (чорвачилик билан шуғулланувчи шахс) экани ва у табиблик борасида маълумотга эга эмаслиги аниқланган.

Маълум бўлишича, фуқаро Б.Й. тахминан 2 йилдан буён Бўстонлиқ тумани, Оқтош қишлоғидаги, аҳоли орасида «Қуёшли» деб номланган тепаликда одамларга эчки сути сотиш билан шуғулланиб келган.

У ўзининг кўрсатмасида, 27 май куни «Доривор ўсимликлар ҳақида»ги китобдан читтигул илдизини кукун шаклида томоққа сепилса лоренгит касаллигини даволаши ҳақида ўқиб, тоғдан читтигул илдизини териб келганини ва кукун шаклида майдалаб, қуёш тафтидан нафас олиш учун келган фуқароларга трубка орқали сепиб (пуркаб), ҳар бир муолажаси учун 20 минг сўмдан пул олганини маълум қилган.

Шунингдек, текширув ҳаракати давомида фуқаро Б.Й. муолажа ўтказишда фойдаланиб келган буюмлар ашё тариқасида олинган ва ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид