Жаҳон | 08:47 / 03.06.2022
18131
3 дақиқада ўқилади

ОПEК+ нефть қазиб олиш ҳажмини кескин оширмоқда 

Июль ва август ойларида ОПEК+’га аъзо мамлакатлар нефть қазиб олишни режалаштирилган суткалик 432 минг баррель ўрнига 648 минг баррелга оширади.

Фото: Getty Images

ОПEК+ ташкилотига аъзо бўлган нефть қазиб олувчи давлатлар 2 июнь, пайшанба куни бўлиб ўтган онлайн йиғилишда июль ва август ойларида нефть қазиб олиш квотасини кунига 648 минг баррелга оширишга келишиб олди. Дастлаб, пандемия даврида нефтга бўлган талабнинг қисқариши таъсирини қоплаш учун 2022 йилнинг июлидан сентябригача қазиб олишни кунига 432 минг баррелга ошириш режалаштирилган эди.

Яқин вақтгача ОПEК аъзолари орасида нефть қазиб олувчи энг йирик давлат бўлган Саудия Арабистони дастлабки келишувларни амалга оширишни талаб қилиб, АҚШ босимига қарамай, қазиб олиш ҳажмини янада оширишни истамаётганди. Қиролликда бўш ишлаб чиқариш қувватларини захирада сақлаш зарур деб ҳисобланган.

Энди эса Ар-Риёд бозорда танқисликнинг олдини олиш учун ишлаб чиқаришни кўпайтиришга рози бўлди, чунки Украинадаги уруш туфайли бир қатор давлатлар Москвадан нефть сотиб олишдан бош тортди, деб ёзади The Financial Times 2 июнь куни ўз манбаларига таяниб. 

ОПEК+ гуруҳига Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПEК)нинг 13 та аъзоси, шунингдек, 10 та ҳамкор давлат, жумладан, Россия киради. 1 июнь куни The Wall Street Journal нашри ташкилот Россияни Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари сабабли нефть қазиб олиш ҳажмини назорат қилиш бўйича келишувдан четлаштириш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақида ёзган эди.

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ОПEК+’нинг қазиб олиш ҳажмини ошириш ҳақидаги қарорини олқишлади. Унинг сўзларига кўра, Европа иттифоқига нефть етказиб беришни «Россиядан узоқда» тамойили бўйича диверсификация қилиш Москвага қарамликни камайтиришга қаратилган биринчи қадамдир. 

«Шу нуқтайи назардан, мен бугун ОПEК’га аъзо мамлакатларнинг нефть етказиб бериш ҳажмини ошириши ҳақидаги баёнотини олқишлайман. Бу йўл билан Россия нефтини сотиб олишни босқичма-босқич бекор қилиш, ундан қутулиш ва керакли нефтни олиш учун бошқа минтақаларга ўтиш осонроқ бўлади», деди фон дер Ляйен.

Мавзуга оид