АҚШ Украинага HIMARS баравар ўт очувчи ракета тизимларини юборадиган бўлди, бу аниқлик ва узоқ масофага зарба бериш борасида Россия армияси томонидан Украинада қўлланаётган техникаларнинг кўп қисмидан устунлик қилади. Аммо Байден маъмурияти Украина қуролли кучлари бу тизимларни Россия ҳудудидаги нишонларга нисбатан қўлламаслигини хоҳламоқда.

HIMARS баравар ўт очиш тизими учун стандарт ўқ-дори тўплами олтита реактив снаряд ёки битта оператив-тактик ракетадан иборат бўлиши мумкин

Украина анчадан буён бундай тизимларни сўраб келаётганди

Украина ҳукумати ва ҳарбий экспертлар Американинг баравар ўт очиш тизимлари Киевга етказиб берилиши Донбассда украин армияси Россия кучларига қарши олиб бораётган урушда бурилиш ясаши мумкин деб ҳисоблайди.

Фронтдаги сўнгги ўзгаришларга кўра, Россия секинлик билан бўлса-да, Донецк ва Луганск областларидаги янги ҳудудларни эгаллаб келмоқда, бу айнан оғир техника ва артиллерия тизимлари борасидаги устунлик эвазига бўлмоқда. Украина ҳукуматидагилар фикрича, вазиятни мамлакат қуролли кучлари Россиянинг фронт ортидаги ва олдинги чизиқдаги позицияларига ёппасига зарба бериш имкониятига эга бўлиши ўзгартириши мумкин.

Бунинг учун украинлар АҚШдан M142 HIMARS ва M270 MLRS тизимларини сўраб келади. Бу қуроллар Киев Ғарб давлатлари етказиб беришини истаган қуроллар рўйхати бошида туради. 21 май куни, «Рамштайн-2» контакт гуруҳи аъзоларининг мудофаа вазирлари иштирокидаги онлайн музокаралар арафасида чиқиш қилган Украина президенти Володимир Зеленский ҳам шу ҳақда гапирганди.

«Менда ҳеч қандай сир йўқ. Биз барча давлатларга MLRS тизимлари етказиб беришни сўраб мурожаат қилганмиз, улар ёрдамида Украина ташаббусни қўлга олиши ва ўз ҳудудларини озод қила бошлаши мумкин», деганди у. Аммо 40 дан ортиқ мамлакат вазирлари иштирокидаги ўша учрашувда бундай тизимларни етказиб бериш бўйича қарор қабул қилинмаганди.

Америка маъмурияти бундай қуролларни етказиб беришга иккиланаётгани ҳақида 18 май куни Politico нашри ёзиб чиққанди. Нашрнинг АҚШ президенти маъмуриятидаги аноним манбаси Вашингтон Киевга кам миқдорда шундай қудратли тизимларни беришдан кўра, уларга кўп миқдорда М777 гаубицалари ва улар учун снарядлар етказиб беришни маъқул кўраётганини айтганди.

Аммо 27 май куни Reuters манбаси америкаликлар бундай кучли қуролларга эга бўлган украинлар Россия ҳудудига зарба беришни бошлашини истамаслиги, шу билан бирга Украинага шарт қўймоқчи эмаслигини айтиб чиқди.