16:36 / 10.06.2022
15099

«Бир миллион ўзбек дастурчиси»нинг фаол қатнашчилари тақдирланди

Ўзбекистон ва БАА ҳамкорлигидаги «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳаси доирасида 1,2 миллионга яқин ўзбекистонлик IT соҳасидаги курсларни битирди. Бугун Тошкентда ўтган тадбирда битирувчиларнинг энг яхшилари тақдирланди. «Энг фаол оила» номинациясида паркентлик Холовлар оиласи ғолиб деб топилди – Kun.uz ўтган йили бу оила ҳақида кўрсатув тайёрлаганди.

Фото: Kun.uz

Бугун, 10 июн куни Тошкентда «Бир миллион ўзбек дастурчиси» номли Ўзбекистон ва БАА қўшма лойиҳаси натижаларига бағишланган тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, «One Million Uzbek Coders» дастури бўйича таълим олиш учун рўйхатдан ўтган талабаларнинг умумий сони 2,5 миллион нафардан ошади.

Уларнинг 1,55 миллиондан ортиғи иштирокчи сифатида, 1,17 миллион нафари эса ўқув курсини муваффақиятли якунлаганлик бўйича сертификатлар олишган.

«One Million Uzbek Coders» лойиҳасига 2019 йилда старт берилган бўлиб, у аҳолига дастурлаш ва рақамли технологиялар билан ишлашга оид кўникмаларни тақдим этишга йўналтирилган бепул онлайн платформа ҳисобланади. Платформа маълумотлар таҳлили (Data Analysis), Аndroid дастурлаш, front-end ва full-stack дастурлаш каби тўртта энг оммабоп йўналишни ўз ичига олади.

Тадбир доирасида лойиҳани амалга оширишда эришилган ютуқ ва натижалар, ахборот технологиялари соҳасида профессионал ривожланиш учун илк қадам сифатида хизмат қилган «One Million Uzbek Coders» битирувчиларининг ҳикоялари ҳақида видеороликлар намойиш этилди.

Тадбирда «Энг фаол ҳудуд» (Хоразм вилояти), «Энг фаол университет» (ТАТУ Урганч филиали), «Энг фаол мактаб», «Энг фаол ўқитувчи», «Энг фаол талаба», «Энг фаол оила» номинациялари бўйича ғолибларга бош вазир Абдулла Арипов томонидан сертификат ва совғалар топширилди.

«Энг фаол оила» номинациясида Холовлар оиласи ғолиб деб топилди. Тошкент вилояти Паркент туманида яшовчи бу оила ҳақида Kun.uz бир йил олдин кўрсатув тайёрлаган эди.

Дастурлашни оилавий ўрганиб, кўпчиликка намуна бўлаётган оиланинг муваффақияти ҳақида шу кўрсатувда кўришингиз мумкин.

Top