Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ўқишни кўчириш учун рухсат бериладиган тоифалар қисқаришини, ўқиш жойини кўчириш фақатгина 2 та ҳолатда: турмуш қурганда ва давлат хизматчиларининг хизмат жойи ўзгарганда мумкин бўлишини маълум қилди.

“Бунинг ўрнига академик мобилликни қўллаш мумкин. Масалан, ректорлар ўзаро келишиб, Сурхондарёдаги ва Тошкентдаги талабалар алмашиб, 1-2 семестр ўқийди. Лекин диплом бир жойдан олиниши керак”, деди вазир.

Таклиф этилаётган тартибга кўра, вилоят ОТМида ўқиётган талаба ўқишини кўчирмаса ҳам, келишув асосида пойтахтдаги университетда маълум муддат ўқиб қайтиши мумкин бўлади. Бу борада батафсилроқ маълумот олиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик. Бироқ вазирлик ҳозир бу тартибга оид тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилаётгани, тасдиқлангач, маълумотлар эълон қилиниши билдирди.

Унгача ўзаро талаба алмашув имконини берадиган академик мобиллик ҳақида очиқ манбаларда мавжуд маълумотларни тақдим этамиз.

Мобиллик ҳақида

Академик мобиллик – талаба ёки ўқитувчиларнинг мамлакатидаги ёки хориждаги ОТМларда келишув асосида маълум муддат ўқиш ёки дарс беришини англатади.

Мобил талабалар, асосан, 2 гуруҳга бўлинади:

  • эркин ҳаракатланувчилар – бундай турдаги талабалар ўз хоҳиш ва ташаббуслари билан таълим олиш учун бошқа ҳудудларга боришади;
  • дастур доирасидаги талабалар – бунда ОТМнинг ўзи ёки унинг бирор факультети бошқа ОТМ билан келишган ҳолда талабалар учун ўзаро алмашинув дастурларини амалга оширади. Дастурлар миллий ва халқаро даражада ҳам бўлиши мумкин. Масалан, Erasmus дастури талаба алмашинуви имконини берадиган машҳур дастурлардан бири.

Таълим миграцияси

Аслида, таълим олиш учун бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кўчиб ўтиш жуда узоқ тарихга эга жараён ҳисобланади. Одамлар қишлоқдан шаҳарга, шаҳардан пойтахтга, пойтахтдан таълими ва иқтисоди ривожланган давлатларга илм олиш учун миграция қилишади.