Жаҳон | 08:07 / 15.06.2022
13934
2 дақиқада ўқилади

Никарагуа қўшма машғулотлар учун юзлаб рус аскарларини қабул қилади

Россиянинг 230 нафар аскари 2022 йил охиригача Никарагуага келиб, ушбу мамлакат армияси билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиши мумкин бўлади. Бунга Никарагуа парламенти рухсат берди.

Фото: Getty Images

14 июнь, сешанба куни Никарагуа парламенти Россия қўшинларига Марказий Американинг ушбу давлатида машғулотлар ўтказишга рухсат берувчи президент фармонини маъқуллади. Фармон шартларига кўра, 2022 йил охиригача Никарагуага 230 нафар россиялик ҳарбийлар мамлакат армияси билан биргаликда Тинч океани сувларида патруллик қилишлари мумкин бўлади.

Вашингтон бу қарордан хавотир билдирди. АҚШ давлат котибининг Ғарбий яримшар бўйича ёрдамчиси Браян Николснинг айтишича, унинг идораси воқеани «Никарагуа режимининг провокацияси» сифатида кўрмоқда.

Никарагуа президенти Даниэл Ортега май ойида Россиянинг «2014 йилги давлат тўнтаришидан кейин Украинада ҳукмронлик қилаётган ва ўлдираётган нацистлар»га қарши урушини қўллаб-қувватлади. 12 июнь куни саноқли хорижий етакчилардан бири бўлган Ортега Путинга Россия куни муносабати билан табрик йўллаб, Россия халқи ва ҳукумати билан «қардошлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликнинг тарихий ришталарини мустаҳкамлашда давом этиш»га ваъда берди.

Президент Ортеганинг фармони билан Никарагуа ва бошқа давлатлар ўртасида 2012 йилдан бери амалда бўлган ҳарбий ҳамкорлик қоидалари амалда яна икки йилга узайтирилди. Ушбу қоидаларга кўра, нафақат Россия, балки АҚШ, шунингдек, Лотин Америкасининг яна етти давлати ҳам қўшма машғулотлар ўтказиш учун мамлакатга қўшин ва ҳарбий техника, жумладан, кема ва самолётларни юбориши мумкин.

Никарагуа президенти фармонни парламентга тақдим қилар экан, унинг мақсадларини санаб ўтди: «тажриба алмашиш, ҳарбий кадрлар тайёрлаш ва гуманитар операциялар». Фармонда денгиз орқали наркотик моддалар контрабандаси ва уюшган жиноятчиликка қарши бошқа давлатлар билан биргаликда курашиш имконияти ҳам назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид