Россия мудофаа вазирлиги «Азот»да бошпана топган тинч аҳоли вакилларини эвакуация қилишни ҳам таклиф этмоқда. «Бунинг учун 15 июн куни Москва вақти билан соат 08:00 дан соат 20:00 га қадар шимолий йўналишда Сватово шаҳри томон гуманитар йўлак очилади», деган РФ мудофаасини бошқариш миллий маркази бошлиғи Михаил Мизинцев.

Северодонецк учун май ойи охиридан буён шиддатли жанглар давом этмоқда, украин ҳарбийлари қатор қарши ҳужумлар амалга оширди, аммо якунда барибир чекиниб, шаҳардаги «Азот» кимёвий заводида мудофаани эгаллади. Завод ҳудудида кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳам яширинган. Шаҳардан дарё ғарб томон чекиниш мумкин бўлган барча кўприклар бузиб ташланган.

DW билан суҳбатда Украина мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси Юрий Сакнинг айтишича, гуманитар нуқтайи назардан Северодонецкдаги вазият «жуда ва жуда оғир» ва бу вазият қамалдаги Мариуполни эслатади.

«Кўча жанглари олиб борилмоқда. Алоҳида жойларда Украина армияси қарши ҳужум уюштирмоқда, Украина қисқа муддат ичида керакли оғир қуролларга эга бўлса, бундай ҳужумлар янада самаралироқ бўлиши мумкин», - деган Сак.

Душанба куни Шимолий Дон орқали ўтган, шаҳарни қўшни Лисичанск билан боғловчи сўнгги кўприк ҳам яксон этилгани маълум бўлди. Шаҳарни ҳимоя қилаётган украин ҳарбийлари чекинишга ва «Азот» заводида ўрнашишга мажбур бўлган, энди эса улар асосий кучлар билан қуруқлик орқали алоқани йўқотган.

Украин ҳарбийлари 2,5 ой давомида тўлиқ қуршовда қолган ҳолда мудофааланган ва охир-оқибат таслим бўлган Мариупол ва «Азовстал» билан ўхшашлик мавжуд. Аммо Северодонецк ва «Азот» заводи билан боғлиқ вазиятга улар қанчалик мос?

«Азовстал» ва «Азот» учун жангларнинг ўхшашлиги

«Азовстал» ва «Азот» каби йирик корхоналар - совет саноатининг ҳарбий-йўналтирилган мероси ҳисобланади. Улар аввалбошдан уруш даврида ишлаб чиқариш билан шуғулланиш, душман яқинлашганда эса мустаҳкамланган истеҳкомга айлантирилиши мўлжалланган.

Украина армияси бундан аллақачон фойдаланди. Саноат ҳудудида мудофааланиш бостириб келаётган қисмларни жиддий даражада ҳолдан тойдиради, муҳими рақибнинг катта кучини ўзи билан ушлаб туради ва бу орқали захирадаги кучларни тайёрлаш ва янги мудофаа чизиғини эгаллаш учун вақтдан ютилади.

Метин деворлар ва томлар, бомбапанагоҳлар ва ерости коммуникация тизимлари мавжудлиги, ўқ-дори ва озиқ-овқатнинг улкан захираларини яратиш имконияти борлиги, бу вақтда душманда аниқ режа ва схемалар бўлмаслиги - буларнинг бари ҳужум қилувчи томоннинг ҳаракатларини жуда қийинлаштиради.