Ўзбекистон | 08:07 / 21.06.2022
8699
3 дақиқада ўқилади

Дзюдо ва қўл жангини ривожлантириш бўйича президент қарорлари қабул қилинди

Дзюдо ҳамда қўл жанги спорт турларини янада ривожлантириш бўйича президент қарорлари қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

“Ҳуқуқий ахборот” канали хабарига кўра, 2023 йил 1 январдан анъанавий тарзда дзюдо спорт тури бўйича Ўзбекистонда қуйидаги мусобақалар ўтказилади:

  • катталар ўртасида “Катта дубулға” халқаро турнири;
  • Осиё чемпионати ғолиби ва Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси Учқун Муродов хотирасига бағишланган 18 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизлар ўртасида халқаро турнир;
  • мактаб ўқувчилари ўртасида “Халқ таълими вазири кубоги”;
  • ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари ўқувчи-талабалари ўртасида “Олий ва ўрта махсус таълим вазири кубоги”;
  • Қуролли Кучлар тизимида “Мудофаа вазири кубоги”;
  • 2024–2025 йилларда ҳарбийлар ўртасида Жаҳон чемпионати.

2023 йил 1 январдан Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимига кирувчи Денов ҳамда Урганч дзюдо спорт маҳорати мактаблари (дзюдо мактаблари) давлат спорт-таълими муассасаси сифатида ташкил этилади.

Дзюдо мактабларига ўқишга 5-синфдан қабул қилинади ҳамда таълим олиш муддати 7 йил этиб белгиланади.

2023 йил 1 январдан:

  • умумий ўрта таълим мактабларида дзюдо спорт турини ривожлантириш бўйича “Болалар учун дзюдо” дастури;
  • мактабгача таълим ташкилотларида “Мактабгача дзюдо” лойиҳаси жорий қилинади.

2023 йилдан дзюдони ўқувчилар ўртасида оммалаштириш бўйича танланган мактабларни ўқув қўлланма, татами, аксессуар ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлаш учун ҳар йили 5 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилади.

“Болалар учун дзюдо” дастури доирасида қуриб фойдаланишга топширилган дзюдо залларида Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳузуридаги Дзюдо спорт клубининг филиаллари ташкил этилади.

Ўзбекистон Миллий университетида 2022/2023 ўқув йилидан “Дзюдо ва спорт фаолияти” бакалавриат таълим йўналиши очилади. Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимида Ўзбекистон дзюдо академияси ташкил этилади.

2023 йилдан анъанавий тарзда қўл жанги спорт тури бўйича:

  • ҳар йили Тошкент шаҳрида 14 январь ‒ Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган Қуролли Кучлар чемпионати ҳамда ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиб, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар хотирасига бағишланган Хотира турнири ташкил этилади;
  • ҳар йили Наманган шаҳрида профессионал спортчилар ўртасида “Ўзбекистон президенти кубоги” халқаро турнири ўтказилади;
  • ҳар икки йилда бир маротаба Қарши, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ёшлар ўртасида “Амир Темур кубоги” халқаро турнири ўтказилади.

Мавзуга оид