21 июн тонгида Россия давлат нашрлари асирга тушган икки америкалик - Александр Дрюке ва Энди Ҳюн Донецкда сақланаётгани ҳақида хабар тарқатди. Бу шуни англатадики, улар ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР»да рухсат этилган ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин - ёлланган ҳолда урушда иштирок этишгани учун.

Алабамаликлар
Александр Дрюке - 39 ёшда, Энди Ҳюн - 27 ёш. Улар Американинг Алабама штатидаги икки шаҳарчадан.
Уларнинг иккиси ҳам армияда хизмат қилган. Дрюке Ироқда, 2008-2009 йиллардаги ҳарбий кампанияда иштирок этган. Ҳюн - денгиз пиёдаси, Донбассга сафаригача унинг қуролли низолардаги иштироки бўйича ҳеч нарса маълум эмас.
Британиянинг Telegraph нашрига унинг онаси Луиза ҳикоя қилишича, Дрюке жароҳатдан кейинги стресс синдромидан азият чеккан, шу туфайли унда ишда муаммолар бўлган. У уйланмаган, фарзандлари ҳам йўқ.
Хюн 2018 йили хизматдан бўшаган, афтидан, унинг армиядан кейинги ишлари нисбатан яхшироқ кечган. У севгилисини Америкада қолдирган, 2022 йил апрелида Украинага сафар харажатлари учун ўз ёнидан 6 минг доллар тўлаган.
Юзга қарши ўн
Дрюке ва Ҳюн айнан қачон Украинада хизматга киргани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Шуниси маълумки, улар жангчиларнинг аксар қисми Франция ва АҚШга мансуб бўлганлардан иборат отрядга қўшилган. Натижада бу отряд «Багет» интернационал номини олган.

Кейинги воқеалар ривожини «Багет» отрядининг твиттердаги хабарлари ва Telegraph ҳамда Америкадаги қатор нашр мухбирлари билан сўзлашган Дрюке ва Ҳюннинг сафдошларининг сўзларидан билиш мумкин.
6 июндан 12 июнга қадар бўлган даврда (аниқ санани айтиш ҳозирча имконсиз) - отряднинг бир қанча жангчилари Харкив областида бўлишган ва нотўғри разведка маълумотлари туфайли оғир вазиятга тушиб қолишган. Улар вазият тинч бўлган аҳоли пунктига боришларини кутишган (унинг номи келтирилмаган), аммо маълум бўлишича, айни шу вақтда бу посёлка Россия армияси томонидан штурм қилинган.









