Конституциявий қонун лойиҳаси парламентда биринчи ўқишда қабул қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Мажлисда депутатлар “Ўзбекистон конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Йиғилишда таъкидланганидек, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон конституцияси олтмишдан ортиқ моддасини қамраб олади. Унда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш каби кўплаб нормалар белгиланмоқда.
Давлат қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини, тадбиркорликнинг ривожланиши учун шарт-шароитларни таъминлаш, ҳалол рақобат ҳимоя қилинишини, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаш, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақлиги белгилаб қўйилмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти асосларини янада такомиллаштиришга, парламентнинг ваколатларини кучайтиришга, фуқароларнинг қонунчилик жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган нормалар ҳам акс этмоқда.
Хусусан, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашларига ҳам раҳбарлик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланиб, халқ депутатлари кенгаши ва ҳокимлар ваколатлари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Мажлисда конституциявий комиссия ўз фаолиятини давом эттириб, фуқаролардан келаётган таклифларни умумлаштирган ҳолда, уларни Қонунчилик палатасига киритиб бориш қайд этилди.
Конституциявий комиссия конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси мобайнида келиб тушган таклиф ва мулоҳазалар ҳисобини юритиш, умумлаштириш, ўрганиб чиқиш, таҳлил этиш ва шу асосда лойиҳани маромига етказиш борасида Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ва Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси билан ҳамкорликда иш олиб боради.
Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мавзуга оид
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
11:49 / 20.06.2024
Маҳаллий кенгашларга депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
13:23 / 09.04.2024
Депутатлар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига оид қонунни қабул қилди
15:29 / 27.02.2024