Ўзбекистон | 12:07 / 25.06.2022
17556
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт университетида вилоят “Ёшлар фестивали”нинг байрам тадбирлари бўлиб ўтди

“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида ташкил этилган фестивал доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университетида бир қатор тадбирлар ўтказилди.

Фото: СамДТУ матбуот хизмати

Самарқанд давлат тиббиёт университетида вилоят олий таълим муассасалари ўртасида Ёшлар фестивали доирасидаги “Заковат” интеллектуал ўйинлар ўтказилди. Вилоятдаги 10 та ОТМ жамоалари 2 та тур бўйича куч синашдилар.

Якуний натижаларга кўра 1-ўринни СамИСИнинг “Галактикус”, 2-ўринни СамДУни “Тафаккур” ва 3-ўринни СамДТУнинг “Ибн Сино” жамоалари эгаллашди.

Фестивал доирасида вилоят олий таълим муассасалари ўртасидаги спорт мусобақаларида Самарқанд давлат тиббиёт университети талаба-ёшлари турли спорт турларида фаол қатнашиб “Баскетбол” ва “Волейбол” бўйича 2-ўрин, “Гандбол” бўйича 4-ўрин ва “Мини-футбол” спорт тури бўйича 1-ўринни қўлга киритдилар.

СамДТУ янги биносида университет талаба-ёшлари учун ташкил этилган байрам кечасида иштирок этган Самарқанд вилояти хокими Эркинжон Турдимов барча ғолиблар ва университет магистратура битирувчиларини тантанали равишда тақдирлади.

Байрам кечасида Марказий ҳарбий округ хизматчилари томонидан қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий тайёргарлик намойиш этилган чиқишлар, шахмат, шашка, стол-тенниси, қўл жанги спорт турлари бўйича чиқишлар ва ўйинлар ўтказилди.

Шунингдек, талабалар томонидан миллий либослар танлови, Халқаро таълим факультети талабалари томонидан ижро этилган мусиқий чиқишлар барчага хурсандчилик кайфиятини олиб келди.

Тадбир давомида Ёшлар Иттифоқи томонидан бир қатор фаол, билими, меҳнатсеварлиги, намунали жамоатчилик фаолияти билан ажралиб турадиган талабаларга ташаккурномалар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

Шундан сўнг таниқли хонандалар ҳамда рақс гуруҳларининг гала-концерт дастурлари бўлиб ўтди.

Иш билан бирга, “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик” фестивали доирасида Самарқанд вилояти умумтаълим мактабларининг 10 ва 11-синф ўқувчилари ўртасида «Кимё» ҳамда «Рус тили ва адабиёти» фанларидан “Вилоят ҳокими фан олимпиадаси” бўлиб ўтди.

Тадбир сўнгида вилоят хокимлигидан иштирокчиларга дипломлар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

СамДТУ матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид