21 июн куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 5-йиғилиши бўлиб ўтди. Хўш, ЖСТ қандай ташкилот ва унга қўшилиш Ўзбекистон учун нимани англатади?

ЖСТ ҳақида

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) – халқаро савдони либераллаштириш, савдо ва сиёсий муносабатларни тартибга солиш билан шуғулланадиган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 1995 йил 1 январда имзоланган келишув асосида фаолият кўрсатади. Бугунги кунда дунёдаги энг йирик халқаро иқтисодий ташкилотга 164 давлат аъзо ва ушбу мамлакатлар ҳиссасига глобал савдо ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 98 фоизи тўғри келади.

ЖСТ 1947 йилда тузилган халқаро битим – GАТТʼнинг давомчиси ҳисобланади. Ташкилотга аъзо ва иштирокчи мамлакатлар учун мажбурий бўлган тамойиллар ва қоидалар белгиланган.

ЖСТнинг асосий вазифаси глобал иқтисодиётни кузатиш орқали халқаро савдо изчиллиги ва шаффофлигини таъминлашдир. Шунингдек, ташкилотнинг яна бир устувор йўналиши ривожланаётган, кам ривожланган ва кам даромадли мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш орқали ЖСТнинг қоида ва интизомларига мослашишга ёрдам бериш ҳисобланади.

Бугунги кунда ЖСТнинг асосий 5 тамойили мавжуд.

1. Камситмаслик. Бу тамойил энг мақбул миллат тушунчасига қарама-қарши қўйилади, яъни ташкилот аъзоси қолган барча аъзо давлатларга савдо-сотиқда бир хил шарт-шароит яратиши керак. Шунингдек, импорт қилинадиган товарларга маҳаллий ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар билан бир хил муносабатда бўлиш талаб этилади.

2. Ўзаро дўстлик. Бунда асосан давлатлар учун ташқи бозорларга кириш учун имкониятларни ошириш ва ўзаро муносабатларни яхшилашга эътибор қаратилиши белгиланган.

3. Юкланган ва амалга оширса бўладиган мажбуриятлар. Кўп томонлама савдо музокараларида ва ташкилотга қўшилишда қабул қилинган тариф мажбуриятларига давлатларнинг риоя қилиши лозимлиги. Бунда аъзо давлат ўзига юклатилган мажбуриятларни савдо шериклари билан музокаралар олиб борилгандан кейингина ўзгартириши мумкин.