25 июн куни Telegram каналларда сиқилган табиий газ (метан) қуйилган баллон билан жиҳозланган машиналар жарима майдонига қўйилаётгани ҳақида видео тарқалди.
“Ўртоқлар, кеча чиққан қарорга кўра, машиналарга ўрнатилган, рақами “F1”дан бошланган газ баллонларини талабга жавоб бермайди деб топишибди. Энг кўпи бизнинг Зангиота районидан чиқибди. Эртадан бошлаб шунақа газ баллонли машиналарнинг ҳаммасини “штрафной”га тиқишаркан. Эҳтиётларингни қилиб, газ баллонларингга қараб қўйинглар”, дейилади видеода.
Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида ИИВ ЖХД ЙҲХХ Техника назорати бўлими бошлиғи Иброҳим Абдураимов билан боғланди. Унинг айтишича, ISUZU MPR82L русумидаги транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари текширувдан ўтказилмоқда.
“Сўнгги икки кунда бир хил маркадаги, яъни Самарқанд вилоятида ишлаб чиқарилган ISUZU MPR82L русумидаги транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари портлаб кетаётгани кузатиляпти. Ушбу автомобилларга Италиянинг FABER фирмасида ишлаб чиқарилган газ баллонлар қўйилгани аниқланди. Ўрганишлар давомида ушбу газ баллонларнинг тахминан 50–60 фоизи сифатсиз чиқаётгани маълум бўлди.
Шу сабабли ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан бизга худди шундай газ баллонлари билан жиҳозланган ISUZU MPR82L русумидаги транспорт воситаларини текширувдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилган. Текширув давомида машиналардаги газ баллонлари ечиб олиниб, унга 300 атмосфера босимида сув юборилади. Агар у яроқсиз бўлса, текширув давомида портлаб кетади.
Сифатсиз газ баллон билан ҳаракатланиш хавфли. У жамоат жойида портлайдиган бўлса, нафақат ҳайдовчининг ўзи ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига, балки фуқароларнинг ҳаётига ҳам катта хавф туғдиради. Шу сабабли раҳбарият газ баллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларини кўздан кечириш, FABER фирмасида ишлаб чиқарилган газ баллонлар аниқланган тақдирда уларни текширувдан ўтказиш ҳақида топшириқ берган.
Агар текширув давомида газ баллон яроқли деб топиладиган бўлса, улардан фойдаланишда давом этишга рухсат берилади”, дейди Иброҳим Абдураимов.
Мутасаддининг сўзларига кўра, синов жараёнида газ баллони портлаб кетган тақдирда ҳайдовчилар машинасига синов ўтказилган жойнинг ўзида янги, сифатли газ баллонини ўрнатиб олишлари мумкин, унгача автомобиллар шу ерда қолади.
Иброҳим Абдураимов газ баллони билан жиҳозланган енгил машиналарни жарима майдонига жойлаштириш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаганини таъкидлади.












