Ўзбекистон | 07:24 / 28.06.2022
20179
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2026 йилгача газ экспортини тўхтатиши мумкин 

Ўзбекистон газ экспортидан бутунлай воз кечиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» компанияси бошқаруви раиси Беҳзод Норматов журналистларга маълум қилди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

Фото: Getty Images

«Эҳтимол, яқин келажакда Ўзбекистонда қазиб олинган газнинг ҳаммаси Ўзбекистонда қоладиган бўлади, чунки кимё заводлари кенгаймоқда, ички иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш керак. Ҳа, экспорт бор эди, лекин бизда ҳали ҳам иқтисодий динамика ўйлагандек эмас. Биз иш ўринлари яратишимиз керак, лекин тоза кўринишда экспортни амалга ошириш керак – уни қайта ишлаш ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш иқтисодиёт учун қанчалик фойдали?» – деди Норматов. У экспортнинг тўхтатилиши 2025-2026 йилларга бориб содир бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда Ўзбекистонда қазиб олинаётган газнинг қарийб 10 фоизи Хитойга экспорт қилинмоқда. Норматовнинг сўзларига кўра, фоиз Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ойдан ойга ўзгариб туради. Одатда, экспорт қилинадиган газ ҳажми қишда камаяди, ёзда эса кўпаяди. 

«Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритувчи компаниялар бор, уларнинг олдида бизда маълум мажбуриятлар бор. Яъни, лойиҳалар иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида – Хитой компаниялари, Россия компаниялари – биз уларга газ экспортини таъминлаймиз (экспорт учун газ Ўзбекистон ички бозоридаги нархлардан бир неча баравар юқори нархларда сотилади). Яъни буларнинг барчасини ички бозорга йўналтиришимиз мумкин эди, лекин биз ўзимиздаги келишувларга амал қиламиз», деди «Ўзтрансгаз» раҳбари.

Мавзуга оид