Шавкат Мирзиёев 27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига табрик йўллади. Табрик Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Қадрли дўстлар!

Аввало, сиз, азизларни, соҳа ривожига бугун ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётган муҳтарам фахрийларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами билан чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор қиламан.

Биз оммавий ахборот воситалари ходимлари тимсолида ўзининг чуқур билим ва тажрибаси, ноёб истеъдод ва маҳоратини халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг онг-у тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, глобал ахборот маконида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишдек олийжаноб ишларга бағишлаган жонкуяр ва заҳматкаш инсонларни кўрамиз.

Жонажон Ўзбекистонимиз ўз тараққиётининг янги ва муҳим босқичига қадам қўяётган ҳозирги даврда медиа соҳаси вакиллари – журналист ва муҳаррирлар, режиссёр ва операторлар, блогерлар, теле-радио каналлар, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахона ходимлари Ватанимизнинг демократик қиёфасини шакллантириш, уни дунёга тараннум этишга беқиёс ҳисса қўшиб келаётганини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Муҳтарам юртдошлар!

Кейинги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини халқ билан мулоқотнинг ишончли кўпригига айлантириш, замонавий ахборот хизматлари бозорини, соғлом рақобатни ривожлантириш, медиа тармоқларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, устоз-шогирд анъаналарини кучайтириш, соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай юксак эътибор туфайли юртимизда оммавий ахборот воситалари сони 2016 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга ортиб, 1962 тага етгани диққатга сазовордир. Айниқса, хусусий медиа воситалари ҳаётимиздан кенг ўрин эгаллаб бораётгани жамиятимизда фикрлар хилма-хиллигини таъминлашда, туб ислоҳотларни амалга оширишда, жойларда йўл қўйилаётган камчилик ва муаммоларни дадил кўтариб чиқишда муҳим омил бўлмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, телевидение ва Интернет тармоғини интеграция қилиш мақсадида замонавий интернет платформаси ва унинг мобил иловаси ташкил этилгани, миллий ахборот маконимизда интернет нашрларининг сони сўнгги 6 йилда салкам икки баробар кўпайиб, 677 тага етганини алоҳида таъкидлаш лозим.