Тошкент шаҳрида атмосфера инверсияси яна 10 кун давом этиши мумкин. Бу эса ҳаво ифлосланиши кучайишига олиб келади, дея огоҳлантирмоқда Ўзгидромет.

«Чанг ва ифлослантирувчи моддалар ҳавога доимий равишда чиқиб турибди. Агар шамол эсмаса, уларнинг тарқалиб кетиши қийинлашади. Ёмғир ёғса ҳам ҳаводаги чанг заррачаларини ювиб туширади. Шамол ва ёмғир бўлмаган даврда ифлослантирувчи моддалар ҳавода тўпланиб боради. Атмосфера инверсияси эса уларнинг юқорига тарқалишини янада қийинлаштиради», – дейилади хабарда.

Ҳаво сифатини яхшилаш учун бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилган.

Шаҳардаги автомобил йўлларига сув сепилиши, иссиқхоналарда филтрлар ўрнатилиши, кўкаламзорлаштириш ишлари, қурилиш майдонларида чанг кўтарилмаслигини назорат қилиш ва бошқалар шулар жумласидан.

Шу билан бирга, «атроф-муҳитни ифлослантираётган иссиқхоналар ва саноат корхоналари»га рейдлар уюштирилмоқда.