Ўзбекистон | 14:06 / 01.07.2022
13097
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Санъат ва маданият институтида қатор қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади

Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти фаолияти ўрганилганида, бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Маҳкама эълон қилган хабарда айтилишича, олийгоҳга ўқишга қабул қилишда қонунчилик талаблари бузилиб, қабул жараёнлари шаффофлиги таъминланмаган.

6 мингдан ортиқ абитуриент ижодий имтиҳон натижалари видеотасвирлари сақланмаган, ижодий имтиҳон топширган 92 нафар абитуриент титул варақалари юритилмаган ва ёзма имтиҳонлар олинмаган, 77 та абитуриент амалий ишлари шифрланмасдан, махфийлиги таъминланмаган ҳолда қабул комиссияси томонидан баҳоланган.

Оқибатда, ижодий имтиҳонлардан энг юқори балл билан ўқишга қабул қилинган 132 нафар талабанинг 27 фоизи 1-семестр якуни бўйича қониқарсиз баҳо олган.

Давлат қабул комиссияси томонидан институтга иккинчи мутахассислик бўйича кундузги таълимга қабул қилишга рухсат этилган бўлса-да, сиртқи таълимга ҳам айрим талабалар қабул қилинган.

Бундан ташқари, институтнинг штатлар жадвалига 10 та штат бирликлари ортиқча киритилиб, 327 млн сўм асоссиз сарфланган, ҳақиқатда ўтилмаган 1588 соат дарслари учун 89 млн сўм тўланиб, бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид