Электр стулда ўлим жазосини амалга оширишга тайёргарлик (АҚШ. Emaze.com) 

Одил судловни излаб 

Дунёнинг ҳеч бир давлатида бехато ишлайдиган адлия тизими яратилмаган.  Бу эса агар ўлим жазоси амалда бўлса, айбсиз одамлар ўлимга маҳкум қилиниши муқаррар эканини англатади. 

Америкада ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 1987 йилда 349 одам ноҳақ ўлим жазосига ҳукм қилинган, уларнинг 23 нафарига нисбатан ҳукм ижро этилган. Бошқа тадқиқотда 1978–2007 йилларда ўлимга маҳкум қилинган инсонларнинг 126 нафари кейинчалик оқлангани ҳақида маълумот берилади. 

Ўлим жазосини бекор қилиш тарафдорлари суд хатоси жуда қимматга тушишини таъкидлашади. Чунки ҳукм қайта кўриб чиқилган тақдирда ҳам, инсоннинг ҳаётини қайтариб бўлмайди. Қатлдан кейин бироз вақт ўтгач, айбсиз экани маълум бўлиб, оқланган инсонлар суд тарихида жуда кўп учрайди. Айрим мисолларни келтирамиз. 

1. Стинни Жорж 

Қайғули рўйхатда америкалик ўсмир Стинни Жорж алоҳида ўрин эгаллайди. У XX асрда қатл этилган энг ёш маҳкум бўлди – ҳукм ижро этилган пайтда у 15 ёшга тўлмаган эди. 

Стинни Жорж (diletant.media) 

Жорж 1944 йилда 8 ва 11 ёшли икки қизнинг ўлдирилиши иши бўйича судланган. Жиноят Жанубий Каролинанинг Алколу шаҳрида содир этилган. Шаҳарча темирйўл билан икки қисмга – оқ танлилар ва қора танлилар яшайдиган ҳудудга бўлинган. 

Стинни Жорж қора танлилар ҳудудида яшаган. Март ойидаги кунлардан бирида икки қизалоқ гул териш мақсадида велосипедда ўша ҳудудга йўл олишади. Кейинчалик уларнинг жонсиз танаси ариқдан топилади. 

Тергов талқинига кўра, Стинни улар билан гаплашган энг сўнгги инсон эди. Суриштирув 3 ой давом этади. Ўсмирнинг ота-онаси оммавий ўзбошимча суддан қўрқиб, шаҳарни тарк этишга мажбур бўлади. 

Суд жараёни ҳам тез ўтган – асосий кўрсатмалар полиция томонидан берилади, улар “ишда иштирок этган шахс қотилликни тан олди” қабилидаги кўрсатмани беришади. Ҳакамлар ҳайъати 10 дақиқалик муҳокамадан кейин Жоржни айбдор деб топади. 1944 йил 16 июнда у электр стулда қатл қилинади. Ёш маҳкум қатлдан олдин йиғлайди.