1994 йил 16 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, 1994 йил 1 июлдан Ўзбекистон ҳудудида қонуний тўлов воситаси бўлган миллий валюта – сўм муомалага киритилди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатда совет рубли пул бирлиги сифатида муомалада эди. 1992 йилнинг январидан истеъмол бозорини ҳимоялаш ва маҳсулотларни фақат Ўзбекистон фуқароларига сотиш учун бир марталик купонлар босиб чиқарилган.

1993 йилнинг 15 ноябрида сўм-купон муомалага чиқарилган. Шундан сўнг 1 ҳафта ўтиб – 22 ноябргача газета қоғозида чоп этилган ва ташкилотининг муҳри уриладиган карточкаси қирқиб олинувчи бир марталик купонлар пул бирлиги сифатида муомалада бўлган.
Сўм-купонлар 9,5 ой муомалада бўлиб, 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистоннинг миллий валютаси – сўм муомалага киритилганидан сўнг ҳам, 1994 йилнинг 1 августига қадар амал қилган.

Сўм дастлаб 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик тангалар ҳамда 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик қоғоз купюралар билан бир вақтнинг ўзида муомалага кирган бўлса, ўзбекистонликларга 1997-2001 йиллар оралиғида 200, 500, 1000 сўмлик купюралар таништирилди



Ўрта давр – 5 мингдан ва 10 минг сўмгача
2013 йилда Ўзбекистонда 5 минг ва 10 минг сўмлик пуллар муомалага чиқарилди. Шу билан ўтган 19 йил давомида миллий валюта энг кичик купюра – 1 тийинлик танга ва 1 сўмлик купюрадан то 10 минг сўмлик купюрагача бўлган йўлни босиб ўтди. Сўм муомала киритилганидан сўнг қарийб 20 йил ичида икки марта янги пуллар муомалага чиқарилди.




















