2021 йил декабрь ойида қабул қилинган “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги конституциявий қонун – Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартибларини белгилаб беради.

Ҳужжатга асосан, фавқулодда ҳолат фуқаролар ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига ва (ёки) ҳудудий яхлитлигига бевосита таҳдид соладиган ҳолатлар ҳамда фавқулодда чоралар қўлламасдан бартараф этиш мумкин бўлмаган алоҳида ҳолатларда жорий этилади.

Бундай ҳолатлар жумласига реал ташқи хавфлар, оммавий тартибсизлик ва террорчилик ҳаракатлари, диний, миллий ва чегаравий низолар, шунингдек, йирик ҳалокатлар, эпидемиялар ва бошқалар киради.

Қонунга кўра, фавқулодда ҳолат президент фармони билан жорий этилади ҳамда уч сутка ичида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига тасдиқлаш учун киритилади.

Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати – Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ўттиз суткадан, айрим ҳудудларда эса олтмиш суткадан ошиши мумкин эмас. Шунингдек, фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, унинг амал қилиши президент фармони билан яна бир муддатга узайтирилиши мумкин.

Фавқулодда ҳолатнинг тўлиқ, қисман ёки муддатидан илгари тугатилиши ҳам президент фармони билан амалга оширилади.

Фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида қуйидаги чоралар ва вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин:

  • фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда давлат бошқаруви ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш;
  • фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиш эркинлигига нисбатан чекловлар;
  • мазкур ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида режими ёки кириш-чиқишни бутунлай тўхтатиш;
  • жамоат тартибини, муҳим объектлар ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолияти муҳофазасини кучайтириш;
  • фаолиятнинг айрим турларини кўрсатишга нисбатан чекловлар жорий қилиш ҳамда озиқ-овқат, энг зарур нарсаларни тақсимлашнинг алоҳида тартиби;
  • йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар, шунингдек, бошқа оммавий тадбирлар ўтказилишини тақиқлаш ёки чеклаш;
  • транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш, уларни текшириш ва бошқалар.