Ўзбекистон | 13:39 / 04.07.2022
35992
3 дақиқада ўқилади

Нукусдаги касалхоналарда 94 бемор даволанмоқда, уларнинг баъзилари оғир аҳволда

Миллий гвардиянинг маълум қилишича, Қорақалпоғистондаги намойишларда 250 нафарга яқин фуқаро жароҳатланган.

Фото: Kun.uz

1-2 июл кунлари Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликлар натижасида 243 нафар фуқаро турли жароҳатлар билан шифохоналарга мурожаат қилган. Бу ҳақда Миллий гвардия ахборот хизмати бошлиғи Даврон Жуманазаров маълум қилди.

Шифокорларга мурожаат қилганларнинг 149 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажаларни уйида давом эттиришга рухсат берилган. Ҳозирда касалхоналарда жами 94 нафар бемор даволанмоқда ва оғир аҳволда бўлганлари бор.

«Шу жумладан, жароҳатланганлар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор. Масалан, Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Қўриқлаш бошқармаси сафдори кўкрак қисмидан ўқотар жароҳат олган, шу бошқарманинг яна бир сафдори чап оёқ болдири суяги ёпиқ синиши, 1 нафари Жиззах Миллий гвардия бошқармаси ҳарбий хизматчиси бош мия очиқ жароҳати ҳамда Тошкент шаҳри Миллий гвардия бошқармаси сержанти бош мия очиқ жароҳати билан даволанишяпти», деган Миллий гвардия расмийси.

Бош прокуратуранинг аниқлик киритишича, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган.

Республикадаги барча озиқ-овқат дўконлари, бозорлар, нон чиқарувчи корхоналар, биржа савдолари, банклар ва банкоматлар, шифохона ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари фаолияти тўлиқ олиб бориляпти.

Аҳолига электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви бир маромда етказиб берилмоқда.

«Шу билан бирга тушунтириб ўтмоқчимиз, оилаларда ўтказиладиган маросимлар, мисол учун, маҳаллаларда ташкиллаштирилаётган спорт мусобақалари, ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар, нуроний ёки ешлар билан учрашувларни ўтказишга жойлардаги маҳалла раислари, маҳаллий ҳокимият идораларининг сўрови асосида комендант рухсати билан 21:00 га қадар ўтказилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ҳудуд комендантининг буйруғи билан туман-шаҳарларда комендант вазифаларини бажариш Ички ишлар идоралар бошлиқларига юклатилган, улар хусусан рухсатномаларни ҳам бериш ваколатига эга.

Яна бир бор эслатмоқчимиз, зарур саволлар бўйича комендатурада 1215 қисқа рақам ташкил қилинган, фавқулодда ҳолат ёки комендантлик соати тартиблари бўйича фуқароларнинг саволларига жавоб берилади.

Фармон талабларига тўлиқ ва сўзсиз риоя қилиш ва комендантлик соатига амал қилишни илтимос қиламиз. Фейк ва ёлғон хабарларга ишонманг», дейилади Миллий гвардия баёнотида.

Мавзуга оид