Қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, экинзорлар унумдорлиги ва фермерлар манфаатдорлигини ошириш учун ердан ижара асосида фойдаланиш ҳуқуқини олди-сотди қилишга рухсат бериш лозим, деган таклифни илгари сурди USAID'нинг агробизнес соҳаси мутахассиси Мансуржон Расулев.
Расулев бу ҳақда 30 июн куни Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеясида бўлиб ўтган давра суҳбатида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Мутахассисга кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги асосий муаммо бу – ердан фойдаланиш ҳуқуқи хўжалик айланмадан чиқарилгани.
“Масалан, сиз ерни 49 йилга ижарага олдингиз. Унинг, албатта, иқтисодий қиймати бор: сиз 49 йил давомида ундан фойдаланиб, даромад олишингиз мумкин.
Аммо, дейлик, икки йилдан кейин йўналишингизни, ихтисосингизни ўзгартирмоқчисиз, мисол учун, тўйхона очмоқчисиз. Мана шу 49 йилга олган ерингизни сиз икки йилдан кейин қолган 47 йилини ликвид актив сифатида ишлата олмайсиз. Чунки шу топда сиз учун иккита йўл бор: ўз фаолиятингизни давом эттирасиз ёки ариза ёзиб, ерни ҳокимиятга қайтариб берасиз.
Айнан шунинг натижасида кўп фермерларимиз ҳозир ерни шунчаки ушлаб ўтирибди: сармоя киритмаяпти, самарадорликни ошираётгани йўқ, техника олаётгани йўқ, малакасини ошираётгани йўқ. Нега? Чунки фақат иккита йўл бор: ариза ёзиб ерни текинга бериб юбориш керак ёки ҳар йили деҳқонга субарендага бериб пул топиш. Албатта, иккинчиси яхши.
Шунинг учун таклифим – ердан фойдаланиш ҳуқуқини “оборот”га киритиш. Фермер 49 йилга олдими ерни, икки йилдан кейин ўша 47 йилни аукцион орқали бўладими ёки тўғридан тўғри шартнома тузибми, бошқа фермерга ўтказиш имконияти бўлиш керак. Шунда бу актив бўлади.
Мисол учун, мен телефон сотиб олдим ва эртага бу телефонимни сотиб юбормоқчиман. Кимдир телефонимга 100 доллар беришга тайёр. Сота олсам, демак, телефоним ликвид актив, сота олмасам – йўқ.
Қишлоқ хўжалигимиздаги асосий молиявий масалалардан бири – кредит олиш. Нима учун ҳозирги пайтда банклар ердан фойдаланиш ҳуқуқини гаров сифатида қабул қилмайди? Чунки эртага, мисол учун, фермер банкрот бўладиган бўлса, банк нима қилади бу ерни: сота олмаса, бозор қиймати бўлмаса? Тўғри, норматив қиймати бор ва бу қийматни бозор қийматига яқинлаштиришга ҳаракат қилинган, лекин табиийки, бозор қиймати билан норматив қийматнинг фарқи бор. Квартира сотаётганингизда сиз уни кадастр қийматида сотмайсиз, бозор нархи бўйича сотасиз. Бозорда сотиладиган молнинг бозор нархи чиқади. Бу ўша молнинг хўжалик айланмасида бўлганининг натижаси.


















