Ўзбекистон | 11:24 / 07.07.2022
50307
2 дақиқада ўқилади

«Бир инсофлиси четга тортиб, жонимни сақлаш учун қочишим кераклигини айтди» — Нукусда юк машинаси ёқиб юборилган ҳайдовчи

Нукусдаги тартибсизликлар чоғида ўт қўйиб юборилган юк машиналаридан бирининг ҳайдовчиси Искандар Икромов журналистлар қаршисида воқеа тафсилотларини сўзлаб берди. Маълум бўлишича, бухоролик бу ҳайдовчи Нукусга мактаб қурилиши учун Навоийдан қурилиш материаллари олиб келганди.

Фото: Kun.uz

6 июл куни Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрига уюштирилган пресс-тур чоғида журналистлар ҳудуддаги вазият билан танишди, аҳоли вакиллари, жумладан жабрланганлар билан суҳбатлашди. 1-2 июл кунлари бўлиб ўтган намойишлар чоғида ёқиб юборилган юк машинаси кўпчиликнинг диққатини тортганди. Унинг ҳайдовчиси Искандар Икромов ҳануз Нукусда ва тергов-суриштирув жараёнида иштирок этмоқда.

Искандар Икромов / Kun.uz

«Ўзим бухороликман, юк Навоийдан чиққан ва Нукусга олиб келганман. Машина ташкилотники, шахсий машинам эмас. Нукус шаҳрида қурилаётган мактаб учун бетон плиталар келтиргандим. Юкни тушириб бўлгандан кейин менга ишхонамдан қўнғироқ бўлди, Нукусда намойишлар бошланибди, йўлга чиқмай хавфсизроқ жойда кутиб туринг, дейишди. Мен юк туширган жойимизда қолдим ва кечқурун машина ичида ухладим.

Бир вақт 4-5 киши машинани тақиллатишди. Кимлигимни, миллатимни сўрашди. Жавоб берганимдан кейин турткилаб туширишди ва машинани йўлга ҳайдаб чиқишимни талаб қилишди. Аввалига рози бўлмадим, мени дўппослашди ва ёнимга ўтириб олиб, мажбурлаб ҳайдаб чиқардилар. 

Йўлни тўсганларидан кейин ҳам машинани олиб кетишга ҳаракат қилдим, шунда бир инсофлиси мени четга олиб жонимни сақлаш учун қочишим кераклигини айтди. Уларнинг қўлидан амаллаб чиқиб бу жойдан кетдим. 

Эрталаб воқеа жойига борганимда машинам кулга айланган экан. У билан бирга ҳамма ҳужжатлар ҳам ёниб кетган. Ўзим оддий ҳайдовчиликдан тирикчилик қиламан. Машинам зарари масаласини терговдан кейин кўриб чиқамиз дейишяпти, шуни ҳал қилиб берсалар яхши бўларди. Менга ҳужум қилганларнинг айримларини қўлга олишибди, ҳозир ўзим терговга қатнаб юрибман», – дея ҳайдовчининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид