Расмий маълумотларга кўра, 1–2 июлдаги тартибсизликларда вафот этган 18 кишидан 4 нафари – ҳарбий хизматчилар бўлган. 243 киши жароҳатланиб, шифохоналарга мурожаат қилган, шунинг 93 нафари – ҳарбийлар.
Ҳарбий ҳоспиталнинг Травматология бўлинмаси катта ординатори Нодиржон Холдаровнинг айтишича, 3-4 июль кунлари Нукус шаҳридан турли тан жароҳати олган 20 дан зиёд ҳарбий хизматчи Тошкентга олиб келинган.

“Керакли жарроҳлик амалиётлари ўтказилди, ҳозирги пайтда (беморлар) керакли муолажаларни олишмоқда. Уларнинг ҳолати барқарор. Ўқотар қуролдан, кейин турли хил тошлардан, темир буюмлар ва турли хил кесувчи, қирқувчи буюмлардан тан жароҳати олган беморларимиз бор. Лекин кўрсатилган тиббий муолажалардан сўнг, уларнинг аҳволи яхши стабил ҳолатда, муолажаларни давом эттиришмоқда.
Тез кунларда уларни оёққа тургазиб, сафга қайтарамиз ва улар хизматини давом эттиришади”, – дейди у.
Ҳоспиталда даволанаётган ҳарбийларнинг ҳар бири турлича ҳолатда, улар тартибсизликларнинг турли нуқталарида бўлишган.
“Биринчи ечинтириб олиб, кейин дўппослашди”

Аббос Намозов, миллий гвардия ходими, капитан:
— Тарқатишга борсак, икки чеккадан одамлар чиқиб, бизга нисбатан нафрат уйғониб, шундай тошлар отиб, сўкиниб: “Кетинглар, сизлар аралашманглар”, – деб бақир-чақир қилди. Биз қўлимиздан келганча қайтардик.
Биз ҳам энди жами 50 киши “толпа” бўлиб боряпмиз-да, мана шу ерда мен нимагадир қоқилдимми, йиқилиб тушдим. Энди ўзимга келаман дегандим, бирданига тортиб кетишди. Тортиб кетиб, урди-да.
Биринчи ечинтириб олишди, ечинтириб олиб, тош билан ҳам, таёқ билан ҳам уряпти. Катта тош билан бошимга урган вақтида бир ўзимдан кетиб, бир ўзимга келсам, ҳалиям уриб ётган экан-да.
Биз алоҳида мустақил бўламиз деб, шундай оҳангда гапириб ётган эди. Ҳаммаси ичиб олган, ҳидидан билдим. Ўзини тутишидан ҳам маълум бўлиб турган эди.



















