Қорақалпоғистонга боришда кўпчиликнинг кўз ўнгида тутаб ётган шаҳар, жазавага тушган ва жабрланган одамлар тасаввур қилингани рост. Лекин илк қадамларданоқ бутунлай ўзгача манзарага гувоҳ бўлинади. Тўғри, ҳали ҳаммаси олдингидек эмас, лекин вазият анча изига тушган, одамлар кўчаларда эмин-эркин ҳаракатланмоқда, ҳамма ўз кундалик ташвишлари билан банд. Бозорларда одам гавжум, савдо расталарининг аксариятида савдо қизғин.
Ҳали интернет фаолияти тикланмаган, аммо айрим банкоматлар, ижтимоий объектлар ишлаб турибди, марказий майдонлар, намойиш бўлиб ўтган жойлар тоза-озода, ҳеч нарса тартибсизликлар бўлганини эслатмайди.


Кўчаларда барваста ҳарбийлар борлиги эса тинчлик бўйича қатъият нақадар жиддийлигини англатиб туради, тартибсизликларга энди асло йўл йўқлигини таъкидлагандек бўлади.
«Воқеалар бошланиши ва бу қадар тез авж олишида хорижий кучлар аралашуви бўлгани қатор далиллар билан тасдиғини топмоқда. Чунки намойишчилар алоқа чекланганига қарамай бир вақтда бир неча нуқтада уюшган ҳолда ҳаракатлангани, уларга спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар етказиб берилгани, гуруҳлар аниқ бошқариб турилгани маълум.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардаги вазиятни ҳам кузатиб боряпмиз. Қўшимча маълумотлар тергов якунига кўра тақдим қилинади. Лекин ҳозирданоқ қатъий хулоса қилиш мумкин – бу тинч намойишлар бўлмаган», – деди Миллий гвардия полковниги Зафар Алимов ОАВ вакиллари учун уюштирилган матбуот анжуманида.
Намойишчиларнинг мақсади конституцион тузум ва ҳудудий яхлитликка тажовуз эканининг яна бир белгиси – улар Даулетмурат Тожимуратовни Қорақалпоғистон раҳбари деб эълон қилмоқчи бўлишган. Ҳеч қандай ҳуқуқий асоссиз, шунчаки унинг чақириқларига эргашган ҳолда. Ноқонуний митингларда ҳамманинг эътиборини ўзига қаратган Тожимуратов ҳокимият рамзини англатувчи янги тўнни елкасига олган ҳолда Қорақалпоғистоннинг ажралиб чиқишига оид сепаратистик руҳдаги чиқишлар қилган.





























