ССВ: Тошкентда 6 ой ичида 3 нафар она фарзандини «Тез ёрдам» машинасида дунёга келтирган
Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари саъй-ҳаракати туфайли 25 нафар ҳомиладор аёл ўз уйида фарзандли бўлган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йил бошидан буён Тошкент шаҳрида «103» хизматига қилинган туғуруқ ва ҳомиладорлик патологиялари бўйича мурожаатлар тўғрисида маълумот берди.
«Туғуруқ амалиёти — ўта мураккаб жараён. Шу сабабли унинг хавфсиз ва асоратсиз кечиши бевосита тиббиёт ходимларининг касбий билим ва малакаси, уларнинг тажриба ҳамда маҳоратига боғлиқ.
Бироқ баъзида шундай ҳолатлар бўладики, ҳомиладор аёлда тўлғоқ тўсатдан бошланади. Натижада ушбу амалиётни уйда ёки йўлда бажаришга тўғри келади.
Мана шундай кутилмаган вазиятларда, табиийки, тез тиббий ёрдам хизмати шифокор ва ҳамшираларидан янада масъулият ва қатъият, тезкорлик ва ўта зийраклик талаб этилади. Акс ҳолда, она ва боланинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мамлакатда «Тез ёрдам» хизмати ходимлари ана шундай фавқулодда туғуруқ жараёнларининг муваффақиятли кечиши ҳамда она ва бола саломатлигини асраш учун зарур билим ва малакага эга.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Тошкент шаҳар «103» хизматига туғуруқ ва ҳомиладорлик патологиялари бўйича жами 21 минг 143 та чақириқ келиб тушган. Шундан 38-40 ҳафталик ҳомиладорлик даврида бўлган 2342 нафар аёл туғуруқ учун мурожаат қилган.
Қолаверса, тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг бевосита саъй-ҳаракати туфайли 25 нафар ҳомиладор аёл ўз уйида фарзандли бўлган.
Кутилмаганда бошланган туғуруқ ва яна бошқа омиллар сабабли эса 3 нафар она чақалоғини «Тез ёрдам» машинасида дунёга келтирган.
«103» бригадаларининг тезкор амалга оширган тиббий ёрдами туфайли ушбу туғуруқ жараёнларининг барчаси муваффақиятли ва ҳеч қандай асоратларсиз кечган.
Маълумот учун, 2022 йил январ-июн ойларида Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» хизматига жами 622 минг 578 та чақириқ келиб тушганди.
Мавзуга оид
17:54 / 27.09.2024
Пешкуда 35 ёшли аёл туғуруқдан сўнг вафот этди
16:06 / 09.09.2024
Аёл туғуруқдан сўнг вафот этди. Шифокорлар ундаги кўричакни «сеҳр» деб, «чалпак тарқатиш»ни тавсия қилган
18:14 / 15.04.2024
“Тез ёрдам” автомашинасига йўл берган ҳайдовчининг жаримаси бекор қилинди
15:07 / 10.04.2024