Жаҳон | 16:08 / 10.07.2022
14861
2 дақиқада ўқилади

Йоханнесбургда отишма: 15 киши ўлдирилган, яна 3 киши оғир аҳволда

Жанубий Африка Республикасининг молиявий пойтахти дея эътироф этиладиган Йоханнесбург шаҳри яқинида оммавий отишма рўй берди.

Фото: AP

Маҳаллий полиция хабарига кўра, бир гуруҳ эркаклар таксида келиб, бар ичида бўлганларга қарата ўт очган. Шанбадан якшанбага ўтар кечаси рўй берган ҳодиса оқибатида умумий ҳисобда 33 киши жабрланган. Шундан 15 нафари вафот этган, шифокорлар оғир аҳволдаги 3 нафар беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашмоқда.

Жиноятчилар ниқобда бўлгани айтилмоқда. Улар ўт очиб бўлгач Toyota Quantum автомобилида воқеа жойидан қочиб кетишган. Ҳозирча отишма сабаби маълум эмас, ҳодиса маҳаллий полиция томонидан тергов қилинмоқда.

“Воқеа жойидан топилган патронлар сони жиноятчиларнинг бир гуруҳ бўлиб ўт очганини кўрсатмоқда. Дастлабки тергов тахминига кўра жабрланувчилар шу ерда вақтичоғлик қилишган. Тўсатдан отишма бошланган ва одамлар бардан қочиб чиқишга ҳаракат қилишган. Биз нима мақсадда ва айнан нима учун бу одамлар ўққа тутилгани ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Жиноятчилар йирик калибрли ўқотар қуроллар билан дуч келган томонга қарата ўқ узишган”, дея полиция комиссари Гаутенг Элиас Мавеланинг сўзларини келтирмоқда Independent нашри.

Полиция отишма содир бўлган жой қоронғи бўлгани боис жабрланувчилар жиноятчиларнинг белгиларини эслаб қола олишмаган.

Йоханнесбургдаги жиноятнинг изи совишга улгурмай мамлакатнинг бошқа бир ҳудуди – Питермарицбург шаҳрида ҳам отишма юз бергани, бунинг натижасида 4 киши ҳалок бўлгани ҳамда 8 киши турли даражада жароҳат олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маҳаллий телеканалга кўра, қуролланган икки эркак барга бостириб кириб, у ердагиларга қарата ўт очган.

Мавзуга оид