Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги банклардан бири тажриба тариқасида банкоматлар орқали йирик миқдорда нақд пул ечиш учун 1,5 фоиздан 3 фоизгача комиссия ўрнатаётгани ҳақида хабар тарқалди.
Бунда мазкур банкка қарашли банкоматларда бир миллионгача нақд пул ечиш учун комиссия ҳозирги каби 1 фоизни ташкил қилади, сумма катталашган сари комиссия фоизлари ҳам ошиб бораверади.
Марказий банк ахборот хизматининг Kun.uz'га изоҳ беришича, қонунчилик нуқтайи назаридан банклар пулни нақдлаштириш фоизини ўзлари мустақил белгилайди. Комиссия тўловининг оширилаётгани ҳолати юзасидан эса қўшимча маълумот берилиши айтилди.
Битта банкда тажриба тариқасида синаб кўрилаётгани айтилган бу янгилик интернетда муҳокамаларга сабаб бўлди.
“Истеъмолчилар учун ҳам, банклар учун ҳам манфаатли”
Нақдлаштирилган пул миқдорига қараб комиссион фоизни кўтариб боришни ёқлаётганлар шу орқали пойтахтдан бошқа ҳудудларда банкоматлар бўшаб қолавериши муаммосига ечим топиш мумкин деб ҳисобламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, охирги бир неча ой ичида Ўзбекистонда нақд пулга талаб сезиларли ошиб кетган.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бундай чора талаб ва таклифни мувозанатлаш учун керак.
“Асосан ташқи сабаблар туфайли нақд пулга бўлган талабнинг ортиши банкоматлар олдида узун навбатларни яратмоқда. Банклар суткасига бир неча бор банкоматларни тўлдираётгани ёки бу бўйича регуляторнинг маъмурий назорат текширувлари ўрнатилганига қарамай, барибир муаммо вақти-вақти билан кун тартибига чиқиб қолмоқда.
Кўп гувоҳ бўлаётганимиздек, одатда “барыгалар” (тижорий мақсадларда нақд пулдан фойдаланувчилар) катта миқдордаги нақдликни ечиб кетишади, пенсионер/ бюджетникларга эса нақд пул қолмайди. Яъни нақд пулга нисбатан истеъмол хариди учун талабгорларнинг талаби қондирилмай қолади. Банкоматлардан чиқимларнинг таркибини кўриб, таҳлил қилаётган банклар бунга ўзлари ишонч ҳосил қилиши мумкин. Банкоматга жойлаштирилган ҳажми бўйича 75-90 фоиз нақдликнинг ечилиши сони бўйича 15-20 фоиз транзакция ҳиссасига тўғри келади (ҳудудлар ва локацияга қараб).
Табиийки, бозор ва бизнес қоидаларига кўра, талаб ва таклифни мувозаналаш учун катта миқдорда нақдлик ечиш учун юқорироқ комиссиялар ўрнатилиши истеъмолчилар учун ҳам, банклар учун манфаатли қадам бўлади. Жараённинг бундай йўлга қўйилиши нақд пулнинг транзакцион таннархи/харажатлари ва нақдликка талаб анча баланд бўлган узоқ ва чекка туманларда айниқса муҳим”, дейди Бакиров.










