Жаҳон | 10:59 / 14.07.2022
3947
2 дақиқада ўқилади

Илья Яшин Россия армияси ҳақидаги «фейклар» учун тергов изоляторига юборилди

Яшинга нисбатан жиноий иш қўзғатилишига 7 апрель куни YouTube-каналида Яшин Украинанинг Буча шаҳрида россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида гапириб берган кўрсатув сабаб бўлган.

Фото: IMAGO

Москванинг Басманний туман суди мухолифатчи сиёсатчи Илья Яшинни Россия Федерацияси қуролли кучлари ҳақида атайлаб ёлғон маълумот тарқатганликда (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 207.3-моддаси) айблаб, 12 сентябргача ҳибсга олди. Бу ҳақда 13 июль, чоршанба куни «Медиазона» мухбири суд залидан хабар берди. 

Куни кеча Россия Тергов қўмитаси Илья Яшинга нисбатан жиноий иш қўзғатгани маълум бўлди. 7 апрель куни Яшиннинг россиялик ҳарбий хизматчилар томонидан Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳолига нисбатан содир этилган жиноятлар ҳақида ҳикоя қилинган YouTube-каналидаги кўрсатув жиноий ишга сабаб бўлди. Полиция ходимига бўйсунмаганликда айбланиб, 12 июль куни маъмурий қамоққа олинган сиёсатчининг Москвадаги хонадонида тинтув ўтказилди. 

Россия Жиноят кодексига 207.3-модда «Россия Федерацияси қуролли кучлари, Россия Федерациясининг давлат органлари томонидан ваколатларини амалга ошириш тўғрисида қасддан ёлғон маълумотни оммавий равишда тарқатиш» Украинага ҳужум бошланганидан бир ой ўтиб, 25 март куни киритилган. Бунинг учун жазо «5 йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, 10 йилдан 15 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш»ни назарда тутади. 

Мавзуга оид