Охирги марта евро ва долларнинг 1:1 курси 2002 йилнинг кузида кузатилган эди. Ўшандан бери Евроиттифоқ валютаси доимий равишда АҚШ валютасидан қимматроқ бўлиб келди. 2008 йилда АҚШда молиявий инқироз авж олган пайтда эса 1 евро 1,6 долларгача ҳам кўтарилди. Кейинги бир неча йил давомида котировкалар 1,3-1,5 доллар оралиғида ўзгариб турди ва сўнгги йилларда 1 евро 1,15-1,25 доллар даражасида шаклланди. 14 июль ҳолатига кўра эса биржада 1 евро 1 доллардан арзонроқ баҳоланмоқда. Хўш, нима учун жаҳон бозоридаги энг барқарор валюталардан бири шиддат билан қадрсизлана бошлади?

Украинадаги уруш – евро заифлашишининг асосий сабабими?

Қисман олганда, ҳа. 2022 йил бошида 1 евро 1,14 долларни ташкил этган. Аммо Россия ва Украина ўртасида кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг февраль ойи охиридан бошлаб евро курси қадрсизлана бошлади. 8 июлга келиб, сўнгги йигирма йил ичида биринчи марта ҳар икки валюта қиймати деярли тенглашди. 11 июль куни ушбу ҳолат яна такрорланди.

Энергетика инқирозини келтириб чиқарган ва потенциал узоқ ва чуқур таназзулга олиб келиши мумкин бўлган урушдан Европа энг кўп зарар кўрмоқда. Уруш туфайли халқаро инвесторлар ўз активларини евродан долларга айлантира бошлади ва АҚШ миллий валютасига нисбатан талаб ошди. Европа Иттифоқи Россияга нисбатан мисли кўрилмаган санкциялар эълон қилди, Россия иқтисодиёти билан анъанавий алоқаларини узди. ЕИ мамлакатлари иқтисодий турғунликни келтириб чиқариши мумкин бўлган энергетика инқирози билан рўбарў келмоқда.

PSB бош таҳлилчиси Егор Жилниковнинг таъкидлашича, “газ учун рубль” схемаси ҳам евро/рубль жуфтлигида рублга, евро/доллар жуфтлигида эса долларга бўлган талаб ошишига олиб келган. Мутахассислар сўнгги кунлардаги евро курсининг кескин пасайишини “Шимолий оқим 1” газ қувуридан Европага газ узатиш тўхтатилиши билан ҳам боғлашган.

АҚШ Федерал захира тизимининг кескин чоралари

Мамлакатда рекорд даражага етган инфляцияни секинлаштириш учун 1994 йилдан кейинги даврда биринчи марта АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) базавий ставкани 0,75 фоиз пунктга оширди. Марказий банклар томонидан базавий ставкалар кўтарилиши эса давлат облигациялари даромади ошишига олиб келади. Қўшма Штатлар халқаро молия бозорига катта миқдорда қимматли қоғозлар чиқаради ва улар бутун дунёда энг ишончли инвестиция активи ҳисобланади. ФЗТнинг кескин чоралари АҚШ миллий валютаси мустаҳкамланишига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.