Жаҳон | 13:51 / 15.07.2022
8756
2 дақиқада ўқилади

Bellingcat ва The Insider Россияда «номақбул» деб топилди

Россия Бош прокуратураси Bellingcat ва The Insider тадқиқотчи журналистларининг фаолияти «Россия Федерацияси конституциявий тузуми ва хавфсизлиги асосларига таҳдид солаётганини» маълум қилди.

Фото: Globallookpress

Россия Федерацияси Бош прокуратураси Bellingcat суриштирув лойиҳаси, The Insider интернет-нашри, шунингдек, Чехияда рўйхатга олинган Марказий ва Шарқий Европа ҳуқуқий ташаббус институти фаолиятини «Россия ҳудудида номақбул» деб тан олди. Уларнинг фаолияти «Россия Федерациясининг конституциявий тузуми асослари ва хавфсизлигига таҳдид солади», дея хабар берди идора матбуот хизмати 15 июль, жума куни. 

Bellingcat - очиқ маълумотлар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда тадқиқот олиб борувчи журналистларнинг халқаро жамоаси. The Insider - журналистика суриштирувига ихтисослашган онлайн нашр. Иккаласи ҳам Россия Украинада олиб бораётган урушни фаол ёритиб келмоқда. Аввалроқ Bellingcat ва The Insider бир қанча шов-шувли суриштирувларни, жумладан Борис Немцовнинг ўлдирилиши, Сергей ва Юлия Скрипалларнинг заҳарланиши, шунингдек, Алексей Навалний ва Дмитрий Биковларнинг ўлдирилишига уринишлар ҳақида материалларини эълон қилган эди. 

Россияда номақбул хорижий ва халқаро ташкилотлар тўғрисидаги қонун 2015 йил 23 майда президент Владимир Путин томонидан имзоланган. Ҳозирги вақтда Россия Федерацияси Адлия вазирлиги томонидан юритиладиган рўйхатга 56 та ташкилот киради. Уларнинг Россия ҳудудидаги ҳар қандай фаолияти тақиқланган ва улар билан ҳамкорлик қилиш жиноий иш қўзғатилиши ҳамда қамоққа олинишига олиб келиши мумкин. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид