Қуйида келтирилган ҳодиса бундан бир неча йил аввал Тошкент шаҳрида содир бўлганди. Хасти Имом масжиди қуриб битказилган сўнг Ўзбекистоннинг барча ҳудудлардан уни зиёрат қилишга одамлар кела бошлади. Кўпчилик масжид зиёратига жума куни келар, жума намозида намозхонлар масжид ҳовлисига сиғмай кетарди.
Ўша пайтда ишим Тошкентда эди ва олдимга турли юмушлар билан пойтахтга борган ҳамқишлоқлар бориб туришарди.
Ана шундай жума кунларидан бирида ишхонамга қишлоғимиздан бир гуруҳ отахонлар келишди. Улар пойтахтга саёҳат қилиб келганларини ва Хасти Имомни зиёрат қилиш ҳам режада борлигини айтиб, мендан янги масжидга олиб боришимни сўрашди.
Масжидга борганимизда ҳали жума намозигача вақт бор эди. Улар Хасти Имомни обдан томоша қилишди. Жума намозидан сўнг ташқарига чиқар эканмиз, масжид дарвозаси томонда мунгли бир овоз нола қиларди:
– Отам бизни ташлаб Россияга кетиб қолган. Онам беш нафар фарзанд билан ёлғиз қолган. Мен кўзи ожиз ногиронман. Укам касал, уни даволатишга эса пулимиз йўқ. Сизлардан илтимос, укамни даволатишга ёрдам беринглар. Биздан қайтмаса, Худодан қайтсин...
Йигитнинг овози ҳар қандай инсоннинг раҳмини келтирадиган даражада таъсирли эди. Одамларга эргашиб масжид дарвозасига яқинлашар эканман, яқинроқ бориб қарасам йигит йигирма ёш атрофида бўлиб, кўзига ногиронларнинг махсус қора кўзойнагидан тақиб олганди. Йигитнинг кўзи ожиз экан. Бечорага раҳмим келди.
Масжиддан чиқаётган одамларнинг аксарияти йигитнинг қўлидаги елим пакетга пул тиқарди. Мен ҳам чўнтагимдан пул чиқариб пакетга ташлай десам у тўлиб-тошиб кетибди. Пулни йигитнинг чўнтагига тиқиб ўтиб кетдим.
Ташқарида ҳамқишлоқ отахонларнинг масжиддан чиқишини бирпас кутиб қолдим. Кўзим мунгли овозда нола қилаётган кўзи ожиз йигитда эди. Бечора, шундай инсонларга қийин. Ишлай деса кўзи ожиз, оладиган нафақаси ҳаминқадар.
Бир пайт қарасам унинг қўлидаги елим пакет алмашиб қолибди. Энди у бошқа бўш пакетни ушлаб турарди. Хаёлимдан «бечоранинг ўзи юра олмайди, уни етаклаб келган ҳамроҳи бор экан» деган ўй ўтди.
Ҳамқишлоқ отахонлар ҳам чиқишда унинг нолаларидан кўнгиллари юмшаб, чўнтак кавлай бошлашди. Қараб турибман, уларнинг ҳар бири йигитнинг қўлидаги пакетга салмоқли миқдорда пул тиқишди.
Масжиддан чиққанимиздан сўнг овқатланишга бордик. Йўлда ҳам, ошхонада ўтирганимизда ҳам мавзу шу кўзи ожиз йигит бўлди. Отахонлар йигитга ачиниб, унинг оиласини ташлаб кетган отасини лаънатлаб ўтиришди.
Кейинги ҳафта жумани Бодомзор масжидида ўқидим. Намоз тугагандан сўнг масжид дарвозасига қараб юрар эканман, бир ҳафта олдин эшитганим ўша нолали овоз янграрди:
















