Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик институти Фарғона илмий-тажриба станцияси ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Фарғона илмий тажриба станциясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Фарғона вилояти ҳокимликларининг Фанлар академияси Генетика ва экспериментал биологияси институти Фарғона филиали негизида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Фарғона илмий-тажриба станциясини ташкил этиш таклифига розилик берилади.
Белгиланишича:
- илмий-тажриба станция илмий ташкилот шаклидаги юридик шахс мақомига эга давлат муассасаси ҳисобланади;
- институт илмий-тажриба станция муассиси ҳисобланади ва улар фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Президентнинг “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ кўрсатилган илмий-тадқиқот институтлари ҳамда улар тизимига кирувчи илмий-тажриба станциялари участкалари бино ва иншоотларини сақлаш, улар ходимлари (илмий ходимлардан ташқари) меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.
Белгилаб қўйилишича:
- илмий-тажриба станциясини бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш харажатларини молиялаштириш 2022 йилда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2023 йилдан бошлаб давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;
- илмий-тажриба станцияси тузилмаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий ташкилотлар тузилмаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари илмий-тажриба станциялари намунавий тузилмасига асосан шакллантирилади;
- илмий-тажриба станцияси Генетика ва экспериментал биологияси институти Фарғона филиали ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлигининг Фарғона вилояти Боғдод тумани “Конизар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Генетика ва экспериментал биологияси институти Фарғона филиалига ажратилган 32,31 гектар ер майдонини илмий-тажриба станциясига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.