Туркманистонда ҳаво ҳароратининг «қизил» даражали хавфи эълон қилинди
Туркманистоннинг асосий қисмида ҳафта ўрталарига қадар об-ҳавонинг “қизил” даражали хавфи эълон қилинди. Бу ҳақда метеоролог Эркин Абдулаҳатов хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳафтанинг жума кунига қадар, Туркманистоннинг кўплаб ҳудудларида 45-48 даража иссиқ ҳарорат бўлиши прогноз қилинмоқда.
Мазкур иссиқ ҳаво тўлқини узоқ муддат деярли ҳаракатсиз паст босимли ўта иссиқ ҳаво оқими таъсирида юз беради. “Термик депрессия” дея ном олган бу ҳаво оқими келаётган ҳафта Ўзбекистон об-ҳавосини ҳам белгилайди.
Янги ҳафтанинг жума кунларидан бошлаб, Марказий Осиё ғарбига Кавказ, Волгабўйи ҳамда Каспий денгизи устидан шимоли-ғарбий совуқ ҳаво оқимининг “бостириб” келиши кутилмоқда.
Бунда, Туркманистон шимоли ғарби, хусусан, Ўзбекистоннинг шимолида ҳам янги ҳафтанинг дам олиш кунлари салқин об-ҳаво кузатилиши мумкин.