Ўзбекистон | 13:11 / 20.07.2022
12849
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Шота Руставели кўчаси бўйлаб трамвай ҳаракатини тиклаш режалаштирилмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Шота Руставели кўчаси бўйлаб трамвай ҳаракатини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилмоқчи.

Фото: Kun.uz

Тбилиси мэрияси матбуот хизмати хабарига кўра, 19 июль куни Ўзбекистонда ташриф билан бўлган Тбилиси мэри Каха Каладзе Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан биргаликда Шота Руставели ҳайкали пойига гул қўйган.

Тадбир давомида Тошкент шаҳар ҳокими ҳокимлик Шота Руставели кўчаси бўйлаб трамвай қатновини тиклашни режалаштираётганини маълум қилди.

Аввалроқ Тошкентда трамвай линиялари қурилиши 2023 йилда бошланиши хабар қилинганди.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, шаҳарда трамвай ҳаракатини ташкил этиш бўйича ишлар аллақачон бошланган: собиқ машинистларни қайтариш ва хориждан мутахассисларни жалб қилиш жараёни амалга оширилмоқда. Хусусан, Туркия ва Чехиядан мутахассислар таклиф этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида трамвайларни Ўзбекистон пойтахтига қайтариш режалаштирилаётганини айтган эди. 

Тошкент трамвайларининг 115 йиллик тарихи 2016 йилнинг май ойида якунига етди. Ўша йилнинг 2 май куни 17-трамвай йўналишидаги «Бешқайрағоч – Отчопар бозори» трамвайи сўнгги рейсини амалга оширди. 

Орадан кўп ўтмай, Самарқандда трамвайлар қатнай бошлади. Чехиядан олиб келинган замонавий Vario LF трамвайлари пойтахтда 4 йил давомида ишлатилганидан сўнг Самарқандга олиб кетилди. 2017 йил апрель ойидан бошлаб Самарқанд шаҳрида «Сартепа – Темирйўл вокзали» ва «Сиёб бозори – Темирйўл вокзали» йўналишлари бўйлаб трамвайлар қатнови йўлга қўйилган. Бунгача Самарқандда трамвайлар 1947 йилдан 1973 йилгача ҳаракатланган. 

Мавзуга оид