Бу бинонинг зарур хавфсизлик талаблари ва шаҳарсозлик меъёрларига жавоб бермаслиги ҳақида дастлаб қурилиш вазирлиги ўз муносабатини эълон қилди. Чунончи, вазирлик «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ ва Самарқанд вилоят қурилиш назорати инспекцияси ходимлари томонидан 2022 йил 6 май куни бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, бинонинг ҚМҚ, ШНҚ талабларига жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганлигини кўрсатиб, бинони бузиш бўйича хулоса берилганини қайд этган.

Самарқанд вилоят қурилиш назорати инспекцияси ҳам бу бинонинг техник ҳолати ҳақида матбуот анжумани ўтказган эди.

Шундан сўнг Kun.uz сайтида ушбу бинони қурган тадбиркор Фурқат Халилов билан катта интервью эълон қилинди. Тадбиркор бинони қандай барпо этганини ҳикоя қилиб, сўнгги йилларда уни ҳужжатлаштириш билан боғлиқ тўсқинликларга дуч келаётганини айтиб берган эди.

Ниҳоят, Қурилиш вазирлиги қурилиш соҳаси соҳа мутахассислари, олимлар иштирокида Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармасида ушбу бинонинг мустаҳкамлиги ва қонунийлиги билан боғлиқ масалаларга ойдинлик киритиш учун катта матбуот анжумани ташкиллаштирди.

12 қаватли меҳмонхона биносининг техник ҳолати ҳақида дастлаб Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Лазиз Ҳамидов ўз фикрларини билдирди. Бошқарма бошлиғи бино шаҳарсозлик нормаларига мутлақо жавоб бермаслигини таъкидлаб ўтиб, унинг мустаҳкамлиги ҳам савол остида эканига урғу берди. Чунончи, бинодан фойдаланишга рухсат берилса, унда қўшимча юклар пайдо бўлиши, қурилганига 6 йил бўлиб ҳали бўй кўрсатмаган нуқсонлар тезда пайдо бўлиб, бинода ишлаётган, яшаётган инсонлар, шунингдек қўни-қўшнилар ҳаётига хавф солиши мумкинлигини айтиб ўтди.