1945 йил кузда, Япония иккинчи жаҳон урушида енгилганидан сўнг АҚШ ва СССР Корея яриморолини 38-параллелдан бўлиш бўйича келишувга эришади. Шундан сўнг мамлакат шимоли СССР, жанубий қисми АҚШ назоратига ўтади.

Гарчи Корея яримороли иккига бўлинган бўлса-да, АҚШ ва СССР яриморолни тўлиқ эгаллаб, унинг барча қисмини ўз назоратига олиш режасидан воз кечмаганди. Шу сабабли, яриморол иккига бўлингандан бошлаб ҳар икки томон ўз тарғиботларини бошлаб юборади.

Шимолдаги коммунистлар корейсларга «бахтли ва фаровон ҳаёт»ни ваъда қила бошлайди. Жануб эса инсон ҳуқуқларига риоя қилинадиган эркин жамият ва эркин бозор тамойилларига асосланган давлат қуришни режалаштиради.

Ҳар икки томон Корея яриморолига яккаҳукмронлик қилишни хоҳларди. Шу сабабли турли фитналар ортидан 1950 йилда яриморолда коммунистик тузум тарафдорлари бўлган шимолликлар ва АҚШ бошлиқ Ғарб билан яқин алоқа ўрнатишни хоҳловчи жанубликлар ўртасида фуқаролар уруши бошланади. Шимолликларга СССР армияси ёрдам беради, жанубликлар АҚШ армияси ёрдамига таянади.

Уч йил давом этган урушдан сўнг томонлар 1945 йилдаги келишув бўйича 38-параллел чизиғи атрофидан чегара ўтказилишига рози бўлади.

Шимолда коммунистик партия яккаҳокимлигига асосланган Корея Халқ Демократик Республикаси, жанубда эса Корея Республикаси тузилади. Шу тариқа 1945 йилгача Япония мустамлакаси бўлган Корея яриморолида иккита корейс давлати пайдо бўлади.

Яриморол иккита давлатга бўлингандан сўнг Корея Республикасига АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларидан кўп миқдорда инвестициялар киритилади ва мазкур давлат қисқа муддатда ривожланиб кетади.

Шимолдаги қўшнилар эса советлар ёрдами билан маъмурий буйруқбозликка асосланган давлат барпо этишади. Советлар томонидан қўйилган раҳбар Ким Ир Сен мамлакатни 1948 йилдан 1994 йилгача, яъни вафот этганча бошқаради.

КХДР аҳолиси Ким Ир Сен даврида асосан собиқ иттифоқдан оладиган ёрдами билан кун кўради. Шундай бўлса-да, бу мамлакат ўзининг қолоқ бир давлат эканини, аҳолининг турмуш даражаси жанубдаги қўшнилардан анча ортда қолиб кетганини яшириш учун доимий тарзда тарғибот олиб боради.

Фото: Reuters