Трампнинг собиқ стратеги АҚШ конгрессига ҳурматсизликда айбдор деб топилди
Президент Доналд Трампнинг собиқ бош маслаҳатчиси Стив Бэннон АҚШ конгрессига ҳурматсизликда айбдор деб топилди. У 30 кундан икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Федерал ҳайъат - АҚШда ҳакамлар ҳайъати президент Доналд Трампнинг собиқ бош маслаҳатчиси 68 ёшли Стив Бэннонни 2021 йил 6 январь куни Капитолийга ҳужумни тергов қилаётган қонун чиқарувчилар олдида гувоҳлик бериш учун чақирув қоғозига бўйсунмагани учун АҚШ конгрессига ҳурматсизликда айбдор деб топди. Қарор 22 июль, жума куни қабул қилинди.
Бэннон жараёнга чақирув қоғози бўйича келмаган ва вакиллар палатаси комиссияси сўраган ҳужжатларни тақдим этмаган, шу сабабли унга нисбатан АҚШ конгрессига ҳурматсизлик бўйича иккита айблов қўйилган.
12 нафар аъзодан иборат ҳакамлар ҳайъати уч соатдан кўпроқ вақт давомида муҳокама қилиб, Бэннонни иккала моддада ҳам айбдор деб топди.
Энди Трампнинг бош стратеги ҳар бир айблов бўйича камида 30 кун ва кўпи билан бир йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Ҳукм эълон қилиниши 21 октябрга белгиланган.
Вазиятни шарҳлар экан, Стив Бэннон шундай таъкидлади: «Биз бугун жангда ютқазган бўлишимиз мумкин, аммо бу урушда мағлуб бўлмаймиз. Мен - Трамп ва конституция тарафидаман».
Бир кун аввал АҚШ конгресси Доналд Трампни Капитолийга ҳужум вақтида атайиб ҳеч қандай ҳаракат қилмаганликда айблаган эди.
АҚШда оралиқ сайловлар 8 ноябрга белгиланган.
2021 йил 6 январда АҚШ президентлик сайловларида мағлуб бўлган Доналд Трампнинг Вашингтондаги митингда сўзлаган нутқидан сўнг унинг радикал тарафдорлари Капитолийга бостириб киришди, у ерда Сенат ва вакиллар палатаси қўшма йиғилиши иштирокчилари овоз бериш натижаларини тасдиқлади. Намойишчилар бинога бостириб киришга муваффақ бўлди, конгрессдаги мунозаралар бир неча соатга тўхтатилди, қонун чиқарувчилар эвакуация қилинди.
Тартибсизликлар иштирокчилари полиция билан тўқнашган, полиция эса кўздан ёш оқизувчи газ билан жавоб берган. Миллий гвардия Вашингтонга етиб келди. Тўқнашувда беш киши, жумладан бир полициячи ҳалок бўлган. Расмийлар бир неча соатдан кейин яна конгресс биносини назоратга олди. Кейинги ҳафталарда яна икки полициячи ўз жонига қасд қилди. Тартибсизликлардан кейин 50 га яқин одам қўлга олинган, уларнинг бир нечасига айблов эълон қилинган.
Капитолийга ҳужумдан кейин АҚШ конгресси вакиллар палатасининг комиссияси Трампнинг воқеалардаги ролига ойдинлик киритиш учун 140 мингдан ортиқ ҳужжатларни ўрганиб чиқди ва 1000 дан ортиқ гувоҳлар билан суҳбат ўтказди. Июнь ойининг бошидаги биринчи йиғилишида комиссия Вашингтондаги тартибсизликлар учун биринчи навбатда Трампни жавобгар деб ҳисоблади. Саккизинчи йиғилишдан сўнг комиссия ишида танаффус эълон қилинди, сентябрь ойида янги эшитувлар ўтказилади. Трамп ўз айбини тан олмади ва 2024 йилда яна президентликка номзодини қўйишини истисно этмаяпти.
Мавзуга оид
17:48
Трамп Пэм Бондини бош прокурор лавозимига янги номзод сифатида кўрсатди
13:52
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
11:15 / 21.11.2024