Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европол Киев билан бирга қурол контрабандасига қарши курашда ҳамкорлик қилади
ЕИ полиция хизмати Украина томони билан иш қандай йўлга қўйилаётганидан мамнун. Европол Украинадан қурол ва ўқ-дорилар савдоси учун контрабанда йўллари ёки онлайн-платформалардан фойдаланиш хавфини тан олмоқда.
Европол Украина расмийлари билан Европа иттифоқида қурол савдоси хавфини камайтириш учун яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Бу ҳақда ЕИ полиция хизматининг 22 июль, жума куни эълон қилинган баёнотида айтилади. Европа мувофиқлаштирувчи органи ўқотар қуролларни кузатиш ва қидириш масаласида Украина томонига ишонишларини ҳамда 2017 йилда оператив битим имзоланганидан бери Киев билан ҳамкорлик йўлга қўйилганидан мамнун эканликларини қайд этди.
Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари «Россиянинг давом этаётган ҳарбий тажовузига қарамай, ЕИ ички хавфсизлиги учун манфаатдор бўлган ишлар» доирасида ўзаро ҳамкорликни давом эттирмоқда», — дея билдирди Европол.
Европа полиция хизмати Украинада ўқотар қурол ва ўқ-дориларнинг айланмаси уларнинг маълум контрабанда йўллари ёки онлайн-платформаларда сотиш орқали ЕИга ноқонуний етказиб берилишининг ошишига олиб келиши мумкинлигини тан олди. Европол «можаро тугаганидан кейин таҳдид янада кучайиши мумкинлиги» ҳақида огоҳлантирди.
Аввалроқ Европол матбуот котиби Ян Оп Ген dpa агентлигига унинг хизмати қора бозорда Украинадан ўқотар қурол ва бошқа ҳарбий товарлар савдоси ҳолатларини қайд этганини маълум қилганди. Айрим ЕИ давлатларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари оғир қуроллар ҳам сотилишини истисно этмаяпти. «У уюшган жиноий гуруҳлар ёки террорчилар қўлига тушиб қолиш хавфи бор», — деди Европол вакили.
Даркнетда, унинг сўзларига кўра, Британиянинг Javelin олиб юрилувчи зенит-ракета мажмуаси сотувга қўйилган. Шу билан бирга, Европол бундай таклифлар «ғарб қуролларини етказиб беришга салбий муносабатни шакллантириш мақсадида Россия ташвиқотининг бир қисми» бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
Европарламентда Сўллар партиясининг Германиядан бўлган депутати Ўзлем Алев Демирел Украинага бундесвер томонидан етказиб берилаётган қуроллар ҳам ноқонуний йўллар билан ЕИга кириши ёки қора бозорга тушиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Бундестагдаги «Иттифоқ-90/Яшиллар» фракцияси раиси ўринбосари, парламентнинг махсус хизматларни назорат қилиш қўмитаси аъзоси Константин фон Ноц контрабанданинг олдини олиш учун қуролдан фойдаланиш устидан самарали назоратни жорий этиш зарур, деган фикрни билдирди.