Каталония клуби президенти Жоан Лапорта келишувни «иккинчи иқтисодий дастакнинг фаоллашуви» деб атамоқда. Унинг мақсади – клуб қарзларидан қутулиш ва молиявий аҳволни яхшилаш. 

Бироқ, янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун учинчи дастакни ҳам фаоллаштириш керак бўлади. Бунда ТВ ҳуқуқларининг 49 фоизи Barça Studios компаниясига сотилади (улар «Барселона» учун ижодий маҳсулотларни яратиш билан шуғулланади). 

Айни дамда клубга тахминан яна 100 миллион евро керак ва бу маблағ Ла Лига бошланишидан олдин қўлга киритилиши лозим. Испаниянинг Cope нашрига кўра, янги футболчилар учун «Барселона»га тўртинчи дастак ҳам керак бўлиши мумкин. Яъни пул топиш учун яна нималарнидир сотишга тўғри келади. Шу билан бирга, клуб ўзини гўё ҳамма ишлар жойида қабилида тутишда давом этмоқда. 

Лапортанинг стратегияси келажакда катта муаммоларни келтириши мумкин 

Клубнинг иқтисодий масалалар бўйича директори Эдуард Ромеунинг сўзларига кўра, Лапорта ёзда жамоага қўшилган янги футболчилардан (Роберт Левандовски, Рафинья, Андреас Кристенсен, Франк Кессиэ) ташқари, қўшимча равишда трансферлар учун яна 200 миллион евро сарфламоқчи. 

Фото: Getty Images

«Барса» президентининг нияти жуда оддий – ҳозир ва шу ердаёқ фойда кўриш. Аммо у келажак истиқболлари ҳақида қайғурмаяпти. 

«Нега «Барселона» ҳамон Суперлига ғоясига ўралашмоқда? Бунинг жавоби аниқ! 1,4 миллиард евро қарзи бўлган ва умидсизликка тушиб қолган клуб янги футболчиларга пул сарфлаш учун келажакдаги даромад оқимларини сотмоқда. Катта клуб учун бу жуда хавфли», деди «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳимоячиси Гари Невилл. 

Унинг сўзларида жон бор. Ҳа, шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Лапорта ўз ҳийлалари учун қамоқдан мўъжизавий тарзда қутулиб қолган Жозеп Бартомеунинг «мероси» билан шуғулланяпти. Унга ҳавас қилиб бўлмайди. Жоан клубни ачинарли ҳолатда қабул қилиб олди. Бироқ, Лапортанинг сўнгги қарорлари бундан ҳам ёмон муаммоларга олиб бориши мумкин. Ўйлаб ўтирмасдан ҳамма нарсани ҳозир ва шу ерда сотавериш ярамайди. Агар бир неча йил ичида ТВ ҳуқуқлари қимматлашса (ҳозирча уларнинг нархи ошиб бормоқда), фойданинг бир қисми «Барселона» ғазнасига тушмайди. 

«Барселона» ҳеч кимни сотмаяпти 

Андреас Кристенсен ва Франк Кессиэ «Барселона»га эркин агент сифатида қўшилди. Бунинг ёмон томони йўқ. Роберт Левандовски учун «Бавария»га 45 миллион евро, Рафинья учун «Лидс»га 59 миллион евро тўланди. Яхши ҳам эмас, лекин нисбатан маъқул вариант. Чунки молиявий аҳвол аянчли бўлса-да, янги футболчилар жамоага керак. Аммо харидлар учун сарфланган маблағ сотишдан олинган маблағдан кўп бўлиши ҳозирги ҳолат учун яхши эмас. Орадаги фарқ янада ошиши мумкин, бу эса ташвишга солади.