Кеча, 26 июл куни имзоланган қонун билан Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Молия вазирлиги бу ўзгаришлар бўйича қўшимча маълумот берди.

Нодавлат мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ўқишга тўлов солиқ солишдан озод қилинади

Бу имтиёз қандай ишлайди?

Нодавлат мактабгача ёки мактаб таълим ташкилотида ўқиш пулли ҳисобланади. Бундан кейин ота-онанинг ҳар бир фарзандга ойига 3 млн сўм доирасидаги харажатлари солиқ солишдан озод қилинади.

Масалан, ота (она)га унинг иш жойи бўйича ҳар ойда 720 минг сўм (6 000 х 12 фоиз) даромад солиғи ушлаб қолинган ҳолда 6 млн сўм иш ҳақи ҳисобланади. У бухгалтерияга ўз фарзандининг таъминоти учун мактабгача таълим ташкилотига ҳар ойда 2,5 млн сўм ўтказиш ҳақида ариза тақдим этди.

2,5 млн сўмга солиқ солинмайди. Бухгалтерия фақат 3,5 млн сўмдан солиқ ушлаб қолади. Солиқ 420 минг сўмни (3500 х 12 фоиз) ташкил қилади. Ота (она) солиқдан ойига 300 минг сўм тежайди.

Имтиёз қандай қўлланади?

Ота ёки она имтиёзни:

  • ўз корхонасининг бухгалтериясига маблағларни нодавлат мактабгача ёки мактаб таълим ташкилотига ўтказиш ҳақида ариза ва тўловга счёт (шартнома) тақдим этган ҳолда иш жойи бўйича;
  • солиқ хизматига йил якунлари бўйича даромадлар тўғрисида декларация ва ўқиш учун тўлов амалга оширилгани тўғрисида ҳужжатларни тақдим этган ҳолда қўллаши мумкин.

Имтиёз 2022 йил 1 апрелдан амал қилади.

Норезидент жисмоний шахсларнинг Ўзбекистондаги манбалардан оладиган даромадлари бўйича солиқ солиш ставкаси пасайтирилди

Норезидент жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 20 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди. Масалан, агар норезидентнинг бир ойда даромади 1000 шартли бирликни ташкил этган бўлса, бюджетга ушбу суммадан 200 шартли бирлик тўланган. Ҳозир ушлаб қолиш суммаси 120 шартли бирликни ташкил қилади.

12 фоизлик ставка 2022 йил 1 майдан бошлаб ҳисобланган даромадларга нисбатан қўлланади.

Қайси даромадларга 12 фоиз ставка қўлланади?

12 фоиз ставка меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадларга, шунингдек бошқа даромадларга қўлланади, бундан дивидендлар, фоизлар ва фрахтдан олинадиган даромадлар мустасно.